Расман! 2019 йилдан кўтарма пули бўлмайди
Ўзбекистон клублари футболчиларга кўтарма пуллари бермайди. Бу ҳолат 2019 йил учун тузиладиган шартномаларда ўз ифодасини топади. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.
ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов топшириғига кўра, давлат томонидан молиялаштирилаётган клубларнинг штат жадвали ҳамда инфратузилмасини тартибга келтириш ишлари бошланганди. Кўтарма пуллари масаласи бунда алоҳида ўрин тутадиган бўлди.
«Ҳали бир ишни қойил қилиб қўймаган футболчининг клубга келмай турибоқ миллионлаб пул талаб қилишини тушуниш қийин. У ўз савиясига қараб ойлик-маош ёки меҳнатлари эвазига мукофот пулларини талаб қилиши мумкин. Шу вақтгача унинг қуруқ савлатига берилган пул эндиликда футболчини тарбия қилган футбол мактаблари ҳамда мураббийларига йўналтирилади. Бу ўз навбатида болалар футболида фаолият олиб бораётган мураббийларни сифатли футболчиларни етиштиришга бўлган интилишини кучайтиради», — деб айтиб ўтди Умид Аҳмаджонов ЎФА ҳамда ПФЛ раҳбарияти билан учрашувда.
Тўғри, кўтарма пули кўринишидаги рағбатлантириш бутун дунёда бор. Бироқ футболчи бундай мавқега чиқиши учун жиддий меҳнат қилади. У бир қатор клублар назарига тушганида нафақат трансфер нархи, балки ўзининг клуб билан келишажак шартномасида ҳам рақамлар ўсиб боради.
Айни вақтда эса Ўзбекистонда кўплаб клублар давлат корхоналари томонидан рағбатлантирилади. Қолаверса, кўтарма пулларини бериш тартиби бир қатор шубҳаларга сабаб бўляптики, бунинг орқасидан футболчи ҳамда манфаатдор томон молиявий ютуққа эришиши мумкин. Бироқ футбол ҳам, клублар ҳам ривожланиб қолмаяпти. Эндиликда футболчилар қилган меҳнати учун ва албатта ютуғи учун рағбатлантирилади. То футбол клублари хусусийлашиб, ўртада соғлом рақобат вужудга келмагунига қадар, кўтарма пули тушунчаси унутилади.
«Айниқса, 1 йиллик, ярим йиллик бўлган легионер футболчилар учун берилаётган кўтарма пуллари ачинарли. Келади, миллионни чўнтагига солади, ўйнаса ўйнади, ўйнолмаса индамай қайтиб кетаверади. Клублар увол бўлаётган шу пулларни ўз академиясини қуриш, кейинчалик уни шакллантириш, стадионини, инфратузилмасини ривожлантириш учун сарфласин. Бизга боқиманда клубларнинг қуруқ савлати керак эмас. Давлат уларга суянч бўлаётганидан фойдаланиб, ўз келажаклари ҳақида қайғуришсин. Ўша савиясиз легионерлар бугун бор, эртага йўқ. Академия ёки стадионлар эса ўзимизга қолади, футболимиз ривожи учун хизмат қилади», — деди Умид Аҳмаджонов.
Профессионал футбол лигаси ОФК талабларидан келиб чиқиб, Pepsi Суперлига клубларига мажбурий штат жадвали кўринишини тақдим этганди. Тез орада академиялар бўйича шундай штат жадвали юборилади. Стадион ишчилари ҳамда бошқа техник ходимлар масаласи эса яна алоҳида муҳокама қилинади. Йилда икки марта бўлиб ўтадиган аудит текшируви орқали клубларнинг кирим ҳамда чиқимлари, пулларнинг қандай мақсадда ишлатилаётгани назорат қилиб борилади.
Бунда бир жиҳатни тушуниш керак, ПФЛ ҳам, ЎФА ҳам клубларнинг қандай қандай кўринишда фаолият олиб бориши, қандай мутахассислар билан қай кўринишда ишлаши масаласига аралашмайди. Аммо футбол учун берилган пулларнинг бемақсад сарфлаб ташланишига ҳам йўл қўймайди. Бунгача клуб бош директоридан тортиб, айрим раҳбарларнинг оддий ишчи кўринишидаги яқинларигача кўтарма пуллари олиб келган бўлса, эндиликда бу каби ишларга чек қўйилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter