Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ПФЛга 12 йил аввал «келишилган ўйинларни ташкил этгани» учун футбол ҳакамлигидан четлатилган шахс раҳбар бўлди

ПФЛга 12 йил аввал «келишилган ўйинларни ташкил этгани» учун футбол ҳакамлигидан четлатилган шахс раҳбар бўлди

Фото: ЎзПФЛ матбуот хизмати

Ўзбекча раҳбар алмашинув жараёнлари қизиқ-да — бир раҳбар бир лавозимдан кетса, у билан бирга унинг одамлари ҳам кетади. Ҳаммаёқда шунақа. Хусусан, футболда. Умид Аҳмаджонов Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) биринчи вице-президенти лавозимидан бўшаш ҳақида ариза ёзиши билан, унинг кетидан Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси (ЎзПФЛ) директори Омон Ғофуров ҳам шундай ариза ёзди. «Сен ишлайвер», дейдиган одам йўқ.

Хабар қилинишича, шу кунгача «Бунёдкор» футбол клуби спорт директори лавозимида ишлаб келган Даврон Шоқурбонов ЎзПФЛ раҳбари этиб тайинланган. Қайд этишларича, ЎФА вице-президенти Равшан Эрматов (ҳа, ўша, машҳур Равшан Эрматов) иштирокида 17 июнь куни ўтказилган йиғилишда Шоқурбоновни ЎзПФЛ директори этиб тайинлаш ҳақида қарор қабул қилинган.

Даврон Шоқурбонов ҳам худди Равшан Эрматов каби собиқ футбол ҳакамларидан (ҳа-я, айтмоқчи — Эрматов ҳакамлик фаолиятини якунлаганини ҳали эълон қилгани йўқ, лекин якунласа керак барибир). Ва у билан боғлиқ бир қизиқ факт бор — у бундан 12 йил аввал, 2007 йил июлида Ўзбекистон футболининг ўша вақтдаги раҳбарияти томонидан ҳакамликдан четлатилган. Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан шу муносабат билан эълон қилинган мақолада, жумладан, шундай дейилади:

«ЎФФнинг футбол бўйича мусобақаларини бошқарадиган ҳакам ва инспекторларнинг фаолиятини тартибга солиш, адолатсиз ҳакамликни олдини олиш ва уларга барҳам бериш, шунингдек, ишқибозлар орасида футболнинг нуфузини янада ошириш мақсадида С.Эрматов, Р.Серазиддинов, Г.Имомов, Р.Айтеков, А.Коваленко, Д.Шоқурбонов, Ж.Саидов, З.Қодиров ва Н.Рўзимовлар ЎФФнинг ҳакамлар ва инспекторлар рўйхатидан чиқарилди.

Улар, юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, этик ва маънавий меъёрларнинг бузганлиги, жамоаларга ён босганлиги ва уларни қўллаб-қувватлаганлиги, ўз ваколатларини ўзбошимчалик билан оширганлиги, қоидаларнинг қасддан бузилишига йўл қўйгани, шунингдек, жамоалар ўртасидаги «келишилган ўйинлар»ни ташкил этганлиги учун муносиб жазоланди».

Шунақа гаплар. Фақат бир гапни такрорлашни ўринли деб биламиз — бу 12 йил аввалги гаплар, 12 йил аввалги айбловлар. Даврон Шоқурбонов ўша воқеалардан сўнг узоқ йиллар давомида «Бунёдкор» футбол клубида турли лавозимларда ишлади, катта эҳтимол билан — ўзгарган, энди, масалан, «келишилган ўйинлар»ни ташкил қилмайди. Ҳаққи ҳам йўқ.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг