Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Пахтакор» фан-клуби ва мухлислари учун қизиқ таклиф ўртага ташланди

«Пахтакор» фан-клуби ва мухлислари учун қизиқ таклиф ўртага ташланди

Фото: «Sports.uz»

«Facebook»даги «Maslahat.uz» гуруҳида гуруҳ аъзоси Мурод Холмирзаев «Пахтакор» клуби фан-клуби ҳамда ашаддий мухлисларига ўзига хос мурожаат ва таклиф билан чиқди. Қуйида ушбу таклифни жузъий таҳрир билан эътиборингизга ҳавола этамиз.

«Куни кеча Испания чемпионатидаги «Эспаньол» ва «Реал» клублари ўйинини томоша қилаётган пайтимда, бир ҳолатга эътибор бердим: учрашувнинг 21 дақиқасида «Эспаньол» мухлислари ўрниларидан туриб, 1 дақиқа тинмай чапак чала бошлашди. Шарҳловчи буни қуйидагича изоҳлади: «2009 йилнинг 8 август куни мавсумолди йиғинларда «Эспаньол» клуби сардори, ҳимоячи ва 21-рақам эгаси – Дани Харке юрак ҳуружидан вафот этди. Ишқибозлар ўзларининг севимли футболчисини шу тариқа ёдга олмоқда. Бу «Эспаньол»нинг ўз майдонидаги ҳар бир ўйинида кузатиладиган ҳолат»...

Сўзимни нима учун айнан шу воқеа билан бошлаганимни пайқагандирсиз?..

Жуда бой тарихга эга «Пахтакор» футбол клубида ҳам ана шундай ёд олишга арзигулик сабаб бор. Бу 1979 йилнинг 11 август кунида Днепродержинск осмонида содир бўлган фожиадир.

«Пахтакор-79» жамоаси

Бутун ўзбек халқининг аза тутишига сабаб бўлган ўша машъум ҳодисани ҳар бир футбол ишқибози яхши эслайди. «Пахтакор»нинг 17 нафар футболчиси диспетчернинг хатоси туфайли ҳаётдан кўз юмган эди. Шундан буён халқимизга олам-олам қувонч ва шодликлар олиб келган бу йигитларни ҳар йили 11 август куни эслаймиз, уларнинг ҳақларига дуолар ўқиймиз.

Таклифим шуки, биз ҳам худди Европа футбол клублари ишқибозлари сингари эртага, 2 март кунидан бошлаб «Пахтакор» жамоасининг уй майдонидаги ҳар бир ўйини 79-дақиқасида «Пахтакор-79»ни ёдга олиб, ўрнимиздан туриб, 1 дақиқа олқишлайлик! Зеро, бу ҳолат марҳум футболчиларимизни эслаб, уларга бўлган чексиз ҳурматимизнинг ифодаси бўлсин!»

«Xabar.uz» мухбири Мурод Холмирзаев билан боғланиб, нега айнан чапак чалишни таклиф қилаётганини сўради. У бунга жавобан «аслида бу чапак чалиш оддий бир таклиф экани, буни бошқа бир ҳаракатга алмаштириш мумкинлигини ёхуд ўзбек футболининг шонли ўтмишини эслатиб турувчи футболчиларни бошқа бир шаклда хотирлаш мумкин»лигини билдирди.

Таҳририятдан: Қадрли «Пахтакор» мухлислари! Сиз қандай фикрдасиз? «Пахтакор-79» хотираси учун билдирилган ушбу таклиф ҳақидаги мулоҳазаларингизни билдиринг. Мактубларингизни [email protected] ёки «Telegram»даги (90) 357-97-00 рақамига юборишингиз мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг