ЎзПФЛ суперлигага ҳомийлик қилмоқчи бўлган қатор компаниялар орасидан «Pepsi»ни танлади
Ўзбекистон футболи тарихида тарихий воқеа юз берди. Машҳур «Pepsi» компанияси — суперлига ҳомийсига айланди.
ЎФА хабарида ёзилишича, ушбу компания ўзбек спорти, хусусан мамлакат футболида юз бераётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, Ўзбекистон футбол ассоциациясига янги ташкил этилган суперлигага ҳомийлик қилиш таклифи билан чиқди.
«Ўзбек футболида сўнгги пайтларда юз бераётган ислоҳотлар эътиборимизни тортди. Тан олиш керак Ўзбекистон футбол Ассоциацияси Суперлигага асос солгач, сезиларли равишда мухлисларни стадионларга қайтара олди. Сўнгги йилларда мухлислар ташрифи бўйича пойтахт стадионлари энг паст кўрсаткични қайд этарди. Бу йилги мавсумдан эътиборан ҳаммаси тубдан ўзгарди. Ортда қолган тўртта тур якунларига кўра энг кўп мухлис «Бунёдкор» стадионига ташриф буюргани сўзимизга исбот бўла олади. Ҳаммаси бўлиб эса тўртта тур учрашувларини деярли 300 000 ишқибоз бевосита стадионлардан кузатди.
«Pepsi» компанияси реклама индустриясида айнан спортнинг футбол турига катта эътибор қаратади. Компаниямиз шунингдек, жаҳонинг энг нуфузли спорт мусобақаларидан бири — футбол бўйича Европа чемпионлар лигасининг ҳам расмий ҳомийси ҳисобланади. Биз ўзбек футболида рўй бераётган ижобий ўзгаришлар, ислоҳотларда бевосита иштирок этишни, шу орқали ўзбек спорти тараққиёти ва ривожланишига ҳисса қўшишни истаймиз. Қолаверса Ўзбекистон суперлигаси компаниямизни янада машҳурроқ қилиш, маҳсулотларимизни реклама қилиш учун катта бозордир. Биз бу имкониятни қўлдан чиқармаслигимиз керак», – деб айтган «Pepsi» компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Шуҳрат Эргашев.
Футбол ташкилотининг ишонтиришича, Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бунга қадар бир қатор нуфузли фирма ва компаниялар билан суперлигага ҳомийлик қилиш масласида музокаралар олиб борган. Аммо улар орасидан айнан «Pepsi» компаниясининг таклифи маъқул келган.
Аввало биз томондан олиб борилаётган ислоҳотларга берилган юқори баҳо ва эътироф учун миннатдорчилик изҳор этаман. Ўзбекистон футбол ассоциацияси бошқарувида енг шимариб ишга киришганимизда ўз олдимизга биринчи галдаги вазифа сифатида мухлисларни стадионга қайтариш масаласини қўйгандик. Озми кўпми бу режалар амалга ошаётганидан ҳурсандман. Аммо бу билан чекланиб қолмоқчи эмасмиз. Футболни халқимиз жуда севади. Биз мухлислар учун стадионларда керакли барча шароитларни яратиш, энг аввало тоза, ҳалол ва томошабоп футбол намойиш этиш йўлида ҳали кўп ишлашимиз керак. Ишончим комилки, биз бунинг уддасидан чиқамиз.
Умид Аҳмаджонов.
Шу тариқа, «Pepsi» компанияси ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси ўртасида шартнома имзоланди. Демак, ўзбек футболи тарихида биринчи марта Ўзбекистон Суперлигаси ўзининг титул ҳомийсига эга бўлди. Битим ҳозирча йил якунига қадар имзоланди. Келаси мавсумда ҳамкорлик доирасини янада кенгайтириш, мусобақалар сонини ошириш, болалар ва маҳалла футболига ҳам кириб бориш масаласида келишиб олинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter