«Ўзбек футболида келишилган ўйинлар ҳар доим бўлган» – Диёр Имомхўжаев
Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директори Диёр Имомхўжаев миллий терма жамоа, миллий чемпионат, келишилган ўйинлар ва Вадим Абрамов билан ўртасидаги низо ҳақида гапириб берди.
— Келишилган ўйинлар ўзбек футболида ҳар доим бўлган. Ҳозир ҳам айнан шу соҳага аралашувлар бўлиши мумкин, аммо аввалги йиллар, аввалги давр билан солиштирганда анча камайган. ЎФА сайтини очиб, охирги 6 йилликни кузатиб чиқинг, қанча ҳакам, қанча футболчи, қанча мураббий, қанча клуб футболдан четлаштирилганини кўрасиз. Яъни доимий кураш бор барибир. Масалан, Италияда «Ювентус»га нисбатан ҳар ярим йилда янги айблов эълон қилинади. Бутун дунёда бор демоқчиман.
Мисол учун, ФИФА, ОФК катта букмекерлик конторалар билан ҳамкорлик қилади ва қайсидир ўйинга шубҳаси борлигини эълон қилади. Хусусан, Ўзбекистонга ҳам. Ўша пайтларда бир йилда тахминан 200 та ўйин бўлган десак, 30-40 та ўйинга шубҳа келарди. ФИФА расман айтади, шу ўйинда соғлом руҳ йўқ деб.
Ҳозир эса бутун мавсум давомида 2-3 та ўйинга шунақа шубҳа билдиришади. Ундаям ФИФА 100 фоиз демайди, шу бўйича текширув ўтказинглар, дейди. Бутунлай тозаланди демайман, лекин доимий кураш олиб борамиз. Озгина бўш қўйсак, озгина қанақадир лазейка очиладиган бўлса, отни қамчилаб қолишни истайдиган одамлар кўп. Ҳаётимиз ўзи шундай-ку, ҳар доим кураш, кураш, кураш...» — деди ПФЛ директори.
Диёр Имомхўжаев Вадим Абрамов билан бўлиб ўтган низо ҳақида ҳам жавоб берди:
— Вадим Абрамов билан ҳозир ҳаммаси яхши. У ўзига мос лигада фаолиятини давом эттиряпти. Биз ўз ишимизни қиляпмиз. Бунақа нарсалар футболда жуда кўп бўлади. Баъзида Рўзиқул Бердиев, Миржалол Қосимов ёки Улуғбек Бақоев билан ҳам нимадир бўлиши мумкин. Бу табиий жараён.
Энди мен ҳам ўша пайтда миллий терма жамоамиз жаҳон чемпионатига чиқолмаганимиз учун аламзада пайтим бўлган. Бугунги фақат бир нарсани айта оламан, бир вақтлар қанақадир мутахассислар ўзбек футболига ёки чемпионатига ўз тазйиқини ўтказа олган. Ҳозир ПФЛни ўзгартириш иложсиз, ПФЛ қатъий позициясига эга, қатъий регламент бор. Регламент деган нарса сақичга ўхшаб ҳар йили ўзгаравериши керакмас.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter