Ўзбек баскетболининг афсонаси оламдан ўтди
Бугун ўзбек спортининг афсоналаридан бири, хизмат кўрсатган спорт устаси, баскетболчи Равиля Наджиповна Салимова 77 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Равиля Салимова 1941 йил 8 август куни Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида таваллуд топган. Баскетбол бўйича Собиқ Иттифоқ терма жамоаси таркибида 2 карра жаҳон чемпиони, 4 карра Европа чемпионлигини қўлга киритган. Шунингдек, икки марта Бутунжаҳон универсиада ўйинларида олтин медалларга сазовор бўлган.
Клубдаги фаолияти давомида нафақат Собиқ Иттифоқ, балки қатор хорижий жамоалардан таклиф бўлса-да, фақат Тошкентнинг «Меҳнат» ва СКИФ жамоалари шарафини ҳимоя қилди. Профессионал спортдаги фаолиятини якунлагач, юртимиздаги кўплаб болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида ўз маҳоратини ёшларга ўргатиб келди.
Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Равиля Салимованинг яқинлари, оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдиради, дейилади хабарда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter