Олимпиада-2032га ким мезбонлик қилади? Асосий номзод маълум
Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) ижроия қўмитаси 2032 йилги 35-юбилей олимпиадани ўтказишга даъвогар шаҳарларнинг аризаларини кўриб чиқиб, мезбонликка асосий номзодни эълон қилди.
ХОҚ президенти Томас Бах 24 февраль куни қилган баёнотида бу Австралиянинг Квинсленд штати пойтахти Брисбен эканини айтди.
Бахнинг айтишича, Брисбен номзоди ХОҚ махсус комиссияси аъзоларида турлича фикрларни келтириб чиқарган. Ва бу якуний қарор эмас. 2032 йилги Ёзги олимпиада пойтахти мақомини қайси шаҳар қўлга киритиши ҲОҚнинг бу йилги ёки келгуси йилги сессиясида узил-кесил ҳал бўлади.
35-Олимпиада мезбони 2019 йилда тасдиқланган янги тартиботга кўра танланади. Энди Олимпиада ўтказишга даъвогарлар ўта қимматга тушувчи тақдимот комиссияларини тузишлари шарт эмас — уларни ХОҚ махсус комиссиялари танлайди. Бу давлатларнинг Олимпия ўйинларига тайёргарлик учун харажатларини камайтиради, танлов жараёни эса анча шаффофлашади.
Олимпиада-2032ни ўтказишга даъвогарлар рўйхати беш номзоддан иборат: Брисбендан ташқари, Германиянинг Рейн-Рур минтақаси номзоди, Венгрия пойтахти Будапешт, Хитойнинг Чэнду ва Чунцин шаҳарлари ҳамда Қатар пойтахти Доҳа.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter