ОФК ижроия қўмитасининг навбатдаги йиғилиши Тошкентда ўтказилади
Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати олдидан айни кунларда жаҳон футбол амалдорлари, футбол юлдузлари ва мураббийлари Россия пойтахти Москва шаҳрида жам бўлишган.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси сайти хабарига кўра, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов ҳам айни пайтда Москва шаҳрида бўлиб турибди. МОҚ раҳбари Япониядан тўғри Москвага етиб борди. Бугун Умид Аҳмаджонов у ерда Осиё футбол конфедерацияси раҳбари Шайх Салмон бин Иброҳим Ал Ҳалифа билан учрашди.
Дўстона рухда ўтган норасмий учрашувда томонлар 2019 йили Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб ўтадиган Осиё кубогига кўрилаётган тайёргарлик юзасидан фикр алмашишди. Шунингдек, Шайх Салмон ўзбек футболида олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади ва бунинг учун Умид Аҳмаджоновга миннатдорчилик изҳор қилди. Ана шундай янгиликларни, ислоҳотларни бундан буён ҳам давом эттирилиши тарафдори эканлигини маълум қилди.
Учрашув давомида Умид Аҳмаджонов ва Шайх Салмон Осиё футбол конфедерацияси ижроия қўмитаси йиғилишини шу йилнинг октябрь ойида Тошкентда ўтказиш масаласини ҳам муҳокама қилишди. Демак, музокаралар якунига кўра навбатдаги муҳим йиғилишга Тошкент шаҳри мезбонлик қиладиган бўлди.
Маълумот учун, Умид Аҳмаджонов 12-13 июнь кунлари бўлиб ўтадиган FIFA Конгрессида иштирок этади. Шунингдек, 14 июнь куни Жаҳон чемпионатининг очилиш ўйини – Россия ҳамда Саудия Арабистони терма жамоалари ўртасидаги учрашувни «Лужники» стадионидаги мартабали меҳмонлар ложасидан кузатиб боради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter