ОАВ: Очилбой Раматов ЎФА раҳбарлигидан кетиши кутилмоқда
Бугун, 13 июнь куни Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президенти Умид Аҳмаджонов ўз аризасига кўра истеъфога чиқди. Унинг ўрнига ФИФА рефереси Равшан Эрматов тайинланиши кутилмоқда. «Tribuna.uz»нинг маълум қилишича, ЎФАда президент ҳам ўзгаради.
Нашр манбаси хабарига кўра, 2018 йил 25 январдан буён ЎФА президенти бўлиб ишлаб келаётган Очилбой Раматов лавозимини тарк этиши кутилмоқда.
Маълумот учун, Очилбой Раматов ЎФА президентлигидан ташқари бош вазирнинг биринчи ўринбосари ва транспорт вазири лавозимларида ҳам ишлаб келмоқда.
Қайд этиш керакки, Ўзбекистон футболини амалдорлар бошқариши янгилик эмас. ЎФФни 12 йил бошқарган Мираброр Усмонов ўз вақтида мамлакат савдо вазири бўлган. ЎФФда раҳбар бўлган вақтида эса у сенатор ҳам эди.
Усмоновдан олдин ҳам расмий шахслар ўзбек футболи раҳбариятида ишлаган. 1995-2005 йилларда ўша вақтда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири бўлиб ишлаган генерал-полковник Зокир Алматов бир вақтнинг ўзида ЎФФга ҳам раҳбар бўлган. 2008-2009 йилларда эса ҳозирда ДХХ раиси бўлиб ишлаётган, ўша вақтда Ички ишлар вазири ўринбосари сифатида ишлаган Абдусалом Азизов ЎФФ вице-президенти бўлган.
ЎФАнинг янги раҳбарияти эртага ташкилот биносида ўтказиладиган йиғилишда аниқ бўлиши кутилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter