МОҚнинг янги президенти тезкор йиғилиш ўтказди
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов бугун республика спорт федерациялари ва ассоциациялар иштирокида Токио Олимпиадасига тайёргарлик юзасидан тезкор йиғилиш ўтказди. Бунга қадар МОҚ раҳбари 10 кун давомида барча спорт турлари бўйича федерация ва ассоциациялар фаолияти билан яқиндан танишиб чиқди, деб хабар берди қўмита матбуот хизмати.
У спорт базалари ва у ерда яратилган шароитларни бевосита бориб кўрган. Ўзбекистон таэквондо ассоциациясида бўлиб ўтган бугунги йиғилишда кўрилган асосий масала айнан текширув хулосаларига бағишланди. Мазкур йиғилишда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги вакиллари, МОҚ мутасаддилари, барча федерация ва ассоциациялар масъул раҳбарлари, шунингдек, ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Рустам Шоабдураҳмонов бунгача кўздан кечирган барча жойлар юзасидан ўз хулосасини билдирар экан, баъзи федерацияларда яратилган шароитларга салбий баҳо берди.
«Мана, барча федерацияларнинг ўқув-машғулот базаларига ташриф буюриб, спортчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишиб чиқдик. Аҳвол ижобий эмас. Тўғри, бир қатор федерацияларимиз борки, уларда терма жамоамиз аъзолари учун жуда ҳам яхши шароитлар яратиб берилган. Лекин кўп жойларда ҳатто спортчиларнинг яшаши учун элементар шароит йўқ. Ҳукуматимизга раҳмат, биздан керакли моддий ёрдамини аямаяпти. Биз эса ўз навбатида фурсатни бой бермай, зудлик билан барча шароитларни яхшилаб олишимиз зарур» – деди МОҚ раҳбари.
Терма жамоаларимиз учун халқаро ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этиш, спортчиларимизнинг кучли спарринг рақиблар билан баҳслашиб, маҳоратини тоблаб бориши учун керакли шароитларни яратиб бериш ҳусусида фикр билдирар экан Р.Шоабдураҳмонов шундай деган:
«Менга бокс федерациясидан Куба терма жамоаси билан қўшма ўқув-машғулот йиғинини ўтказиш бўйича таклиф билдиришди. Буни тегишли ташкилотлар билан маслаҳатлашиб ҳал қиламиз, керакли шароитларни, албатта, яратиб берамиз. Қачонгача спортчиларимиз бир-бирларига қарши спарринг рақиб бўлишади? Марҳамат, ҳар бир федерация мана шундай қизиқарли ва яхши таклифлар билан чиқишсин. Миллий олимпия қўмитаси сизлар учун фаолият олиб боради ахир».
Эслатиб ўтамиз, Р.Шоабдураҳмонов икки ҳафта муқаддам Миллий олимпия қўмитасига Умид Аҳмаджонов ўрнига янги раҳбар этиб сайланганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter