Монтажчи Украина байроғи қўйилганини хато деб ўйлаган – «Ёшлар» телеканали
Бир муддат олдин «Ёшлар» телеканали «Янги Давр» дастурида эфирга узатилган футбол янгилигида Украинанинг байроғи хиралаштириб қўйилгани ва бунинг ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилингани ҳақида хабар берилган эди.
Телеканал маъмурияти мазкур ҳолат юзасидан тушунтириш берди.
Унга кўра, футбол бўйича Испания чемпионати доирасидаги ўйинлар 26 августдан бошлаб «Ёшлар» телеканали орқали жонли эфирга узатиб келинмоқда ва баҳслар намойиши давомида кадрларга ҳеч қандай қўшимча эффектлар қўлланилмайди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳа эса «Янги Давр» информацион дастурининг спорт хабарлари бўлимидан олинган. Бу ҳолат юзага келиши сабаблари аниқлаштирилганда, лавҳани тайёрлаган монтажчи «Реал Мадрид» жамоаси ўйнаётган футболда Испания байроғи ўрнига Украина байроғи хато қўйилган деб ўйлаб, бу «хатолик»ни ўзбошимчалик билан тўғриламоқчи бўлгани ва шу мақсадда беркитгани маълум бўлди.
Бош муҳаррир эса кўрик пайтида бу ҳолатга эътибор бермай, лавҳани эфирга узатишга рухсат берган.
«Бу бўйича айбдорларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди. Юзага келган вазият учун узр сўраймиз ва ушбу ҳолатга сиёсий тус бермасликни илтимос қиламиз.
Футбол намойишини телеканалимиз орқали кузатаётган ва камчиликларимизга бефарқ бўлмаган барчага ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз», – дейилади телеканал маъмурияти муносабатида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter