Манчестер: «Сити» сериали тўхтади, «Юнайтед»ники давом этмоқда
Англия премьер-лигасининг 27-тури марказий учрашувига 7 март куни Манчестер шаҳри мезбонлик қилди. Дерби! 21 ўйиндан бери (барча турнирларда) тинмай ғалаба қозониб келаётган «Манчестер Сити» ўз майдонида турнир жадвалидаги энг яқин таъқибчиси «Манчестер Юнайтед»ни қабул қилди.
АПЛ чемпионлиги учун курашда «шаҳарликлар» яққол пешқадам, бироқ дербида «қизил иблислар» ғалаба қозониб, рақибининг чемпионлик сари шаштини сал сўндиришди, қолаверса, уларнинг ғалабали сериясига (21 та ўйинда ғалаба, шундан 15 таси АПЛда) нуқта қўйишди.
Ўйин «Сити» учун омадсиз бошланди: 2-дақиқадаёқ дарвозаси томон ўн бир метрлик белгиланди — Бруну Фернандешдан аниқ зарба!
Доим босиқ ва пухта ўйинлари билан рақибларини осон енгиб келган «МС» тезкор голдан сўнг ўзига ўхшамади.
«Юнайтед» эса 50-дақиқада иккинчи голни (Люк Шоу) киритиб, якунда «сафар»дан зафар билан қайтди.
«Манчестер Юнайтед» АПЛ доирасида кетма-кет 22 ўйиндан буён сафарда мағлубиятга учрамаяпти.
Мағлубият, гарчи у азалий рақиб ва энг яқин таъқибчидан қабул қилиб олинган бўлса ҳам, «МанСити»нинг чемпионлик кайфиятига таъсир кўрсатмаслиги аниқ: 65 очкоси бор, «Юнайтед»да эса 54 очко. Ҳар иккиси ҳам 28 тадан ўйин ўтказган.
Бироқ «МЮ»нинг таъқибчилари жуда яқин: 3-ўриндаги «Лестер» ҳисобида 28 ўйиндан сўнг 53 очко бор.
«Челси» (47) ва «Эвертон» (46) ҳам етакчи бешликда, бироқ «Челси» битта (27), «Эвертон» иккита кам (26) ўйин ўтказган.
«Манчестер Сити» — «Манчестер Юнайтед» — 0:2
Голлар: Фернандеш (2, пенальти), Шоу (50)
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter