Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Куч тузилмалари ўртасида «Men Gʼolib» мусобақаси ўтказилди

Куч тузилмалари ўртасида «Men Gʼolib» мусобақаси ўтказилди

Фото: Мудофаа вазирлиги.

19 февраль куни пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил топганлигининг 31 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб «Men Gʼolib» ватанпарварлик югуриш мусобақаси ўтказилди.

Мусобақаларда асосан Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ва куч тузилмаларининг 12 та жамоасидаги 300 нафарга яқин хизматчи, юзлаб ҳаваскорлар иштирок этди. Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Давлат Хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси, Бош прокуратура каби жамоалар ўртасида кечган баҳсларда ғолиб ва совриндорлар яккалик ва жамоавий тарзда аниқланди.

Югуриш мусобақаси низомига биноан унда 2021-2023 йиллар оралиғида Ўзбекистон терма жамоасига аъзо бўлган спортчилар қатнашиши тақиқланганлиги сабабли ҳаваскорлар орасидаги баҳслар ҳар жиҳатдан қизиқарли ўтди.

Пойтахтимизнинг «Халқлар дўстлиги» майдонидан старт берилган 10 километр масофада югуриш мусобақаларининг умумий ҳолдаги ғолиб ва совриндорларини белгилаш учун 50-60 дақиқадан кўпроқ вақт кетди.

Ўзига хос кечган пойганинг 35-40 дақиқалик оралиғида дастлабки ғолиблар аниқланди. Мусобақанинг 8 километргача бўлган масофасида 160-рақамда ҳаракатланган Мудофаа вазирлиги вакили Илҳом Назаров етакчилик қилди. Аммо, мусобақа финишига 1 километрга яқин масофа қолганда 163 рақамдаги иштирокчи Нуриддин Раҳматов ва 2-рақамли Муҳриддин Мирзалиев уни ортда қолдириб кетди.

Шу тарзда шиддатли ўтган сўнгги югуриш онларида Нуриддин Раҳматов марра чизиғини биринчи бўлиб кесиб ўтган бўлса, ундан кейинги ўринлар Муҳриддин Мирзалиев ва Илҳом Назаровга насиб этди.

Аёллар ўртасидаги яккалик пойгаларда эса Мудофаа вазирлиги жамоаси вакиласи Ирода Олимова ғолибликка эришди. 2 ва 3-ўринлар Сабоҳат Холматова ва Моҳира Ниёзовага тегишли бўлди.

Худди шунингдек, «Men Gʼolib» мусобақасининг курсантлар ўртасида ҳам марра чизиғини биринчилардан билан кесиб ўтганлар аниқланди ва тақдирланди. Натижаларга кўра, 1-ўринни Мудофаа вазирлиги академияси тингловчиси Жавоҳир Холиқбердиев, 2 ва 3-ўринларни Ички ишлар вазирлиги академияси курсантлари Файзулла Ҳабибуллаев ва Шавкат Нуриддинов эгаллади.

Курсант қизлар иштирокидаги баҳсларда Ички ишлар академияси курсантлари Дилноза Бекмирзаева, Муяссар Дўстмуродова ҳамда Божхона институти ходимаси Динара Бердимуродова совринли ўринларни қўлга киритди.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг