Исроил Мадримов профессионал боксдаги тўртинчи жангида ҳам муддатидан аввал ғалаба қозонди
Нью Йоркдаги машҳур «Мэдисон сквер гарден» аренасида ҳамюртимиз Исроил Мадримов мексикалик Алехандро Баррерага қарши рингга кўтарилди.
WBA интерконтинентал камари учун биринчи ярим енгил вазнда (69,9 килограммгача) кечган баҳсда 24 ёшли ҳамюртимиз 33 ёшга тўлган тажрибали рақибига қарши муваффақиятли баҳс олиб борди. Ушбу жанг 10 раунд давом этиши лозим эди, аммо Исроил рақибини биринчи раунддаёқ нокдаун ҳолатига тушира олди.
Шундан сўнг ҳам Баррера бешинчи раундга қадар қаршилик кўрсата олди. Аммо кетма-кет зарбаларни ўтказиб юборавергач ҳакам жангни тўхтатди ва техник нокаут эълон қилди. Алехандро Баррера профессионал боксда 2007 йилдан буён иштирок этиб келади ва бунга қадар 34 та жанг ўтказиб, 29 тасида ғалаба қозонган эди. Шундан 18 тасида рақибини нокаутга учратган. Аммо Исроил Мадримов кучли рақибини енга олди.
Ушбу жанг Исроил учун профессионал боксда тўртинчиси бўлди. Эслатиб ўтамиз, Мадримов бунга қадар ўтказган учта жангининг барчасида ҳам муддатидан аввал ғалаба қозонган эди. Хусусан, 2019 йилнинг июнь ойида яна бир мексикалик тажрибали боксчи — Норберто Гонсалесни олтинчи раундда техник нокаутга учратган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter