Ҳасанбой Дўсматов виза муаммосига дуч келди ва дебют жанг сўроқ остида қолди
Профессионал бокснинг биринчи ўта енгил (-48,99 кг) вазн тоифасида дебют жангини ўтказиши кутилаётган Ҳасанбой Дўсматовнинг жанг санаси ўзгарганлиги, унинг 16 ноябрь куни Мексикада жанг ўтказиши борасида хабарлар тарқалди.
«Sports.uz» боксчимиз билан боғланди ва унинг нега Хитойдаги жанги ўзгаргани борасида, қолаверса? Мексикадаги бокс кечасидаги иштироки ва унинг янги рақиби ҳақида саволлар билан мурожаат қилди.
«Тўғри, Хитойда бўлиб ўтиши керак бўлган жангим ўзгарди. Сабаби, виза масаласида улгуришмади. Шунинг учун, энди 16 ноябрда Мексикада рингга кўтарилишимни айтишмоқда. Лекин бу ҳам аниқ эмас. Рақиб борасида ҳам шундай дея оламан. Тўлалигича аниқлик киритилмаган. 100 фоиз ўша куни дебютимни ўтказаман дейиш фикридан ҳам йироқман. Чунки хабарингиз бор, дастлаб, 30 ноябрда Монако, кейинчалик Хитойда ва мана Мексикага ўзгарди. Мабодо яна шундай ҳолат кузатилса, мухлисларга ҳам эриш туюлиши турган гап. Шундай экан, тўла ишонч билан айта олмайман. Ўзимга қолса, қаерда ва ким билан жанг қилишни аҳамияти йўқ. Шунчаки тезроқ бўлса бўлгани. Лекин 16 ноябрга тайёргарлик кўраяпман. Жанг бўлиш эҳтимоли 90 фоиз десам муболаға бўлмас. Барчаси ижобий якунланса, 13 ноябрь куни Мексикага йўл оламан» дея ўз фикрларини билдирган Дўсматов.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рио-2016 Олимпиадаси чемпиони Ҳасанбой Дўсматов жорий йилнинг 10 ноябрь куни профессионал боксда дебют жангини ўтказиши айтилганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter