Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳар бир туман бирор спорт турига ихтисослашади, ҳиёбонлар аҳоли учун очилади

Ҳар бир туман бирор спорт турига ихтисослашади, ҳиёбонлар аҳоли учун очилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги «Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5924-сонли Фармони ижроси юзасидан матбуот анжумани ўтказилди. Унда Жисмоний тарбия ва спорт вазири ўринбосари Нодир Муродов иштирок этди ва фармон юзасидан изоҳ бериб ўтди.

«Ўзбек боксчилари номи жаҳон спорт ареналаридан тушмай қолди. Спорт юртимиз номини дунёга танитмоқда. Аммо биз бу билан чекланиб қолмаслигимиз керак. Президент фармонида халқимиз орасида спорт тарғиботини кучайтириш мақсад қилинган.

Мунтазам спорт билан шуғулланаётган аҳоли сони 2025 йилгача 30 фоизга етказилиши керак. Шунингдек турли халқаро мусобақаларни Ўзбекистонда ўтказиш масаласи қўйилган. Аёллар ўртасида спорт тарғиботини кучайтириш лозим.

Президентимиз фармони билан туман ва қишлоқлар қайсидир спорт турига ихтисослаштирилади. Ҳудуднинг географик жойлашуви, аҳолининг қизиқиши ва қайсидир спорт турига бўлган қобилиятига қараб иш олиб борилиши режалаштирилган.

Туризмнинг ривожи ҳам спорт билан боғлиқ. Халқаро марафонлар ўтказилиши натижасида юртимизга келаётган сайёҳлар сонини оширишни мақсад қилганмиз.

Профессионал спортчини мураббий етиштириб беради. Ота-она уни дунёга келтирган бўлса, мураббий эрталабдан кечгача залда бўлади ва болалар билан шуғулланади. Шу боис мураббийларни етарлича рағбатлантиришимиз лозим.

Спорт ривожи фақат давлатга қараб қолмасдан, хусусий секторни жалб этиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Шунда рақобат ҳам бўлади. Жорий йилда банклар турли спорт иншоотлари қурилиши учун кредит ажратиши кўзда тутилган.

Албатта муаммоли жиҳатлар ҳам йўқ эмас. Масалан, шундай ҳудудлар борки, сунъий қопламали ўйингоҳлар қурилган, аммо одам кам боради. Чунки ҳокимлар спорт иншооти учун аҳоли пунктларидан узоқ жойдан ер берган. Табиийки спорт билан шуғулланмоқчи бўлган одам ўзи учун қулай жойдаги ўйингоҳга боргиси келади.

Спорт иншоотини қуришда дунё стандартларига мос келишимиз лозим. Ҳозир бутун дунёда енгил констуркцияли мосламалар оммалашган. Ёритиш учун эса қуёш батареялари ўрнатилмоқда. Бизда ҳам шу усулни йўлга қўйиш лозим.

Тадбиркор бу ишларни амалга оширмоқчи бўлса, кўп овора бўлиб қолмайди. Биз унга тайёр лойиҳа берамиз. У вақтини йўқотиб, лойиҳа тайёрлаб юрмайди, балки тайёридан фойдаланиб, банкдан кредит олади ва ўйингоҳ қуради.

Юртимизда шундай парк ва хиёбонлар борки, эшигига катта қулф осиб қўйилган. Инсон табиати эса шундайки, тоза ва озода боғ-роғларда сайр қилишни истайди. Аммо эрта тонгда бундай жойлар қулфлаб қўйилган бўлади. Биз мана шу боғларни одамларимиз учун очмоқчимиз. Бунинг учун жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш режалаштирилган.

Президент фармонида мана шундай чора ва тадбирлар белгилаб қўйилган. Бу фармонни амалга оширишда матбуот билан ҳамкорлик қилишимиз лозим. Соғлом турмуш тарғиботида ОАВнинг ўрни катта, — деди Нодир Муродов.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги юртимизда соғлом турмуш тарзини яна-да оммалаштириш учун тадбирларни давом эттиради.

Зафар ҚОСИМОВ

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг