Ҳакамга ташланган «Навбаҳор» футзалчилари футболдан четлатилди
Ўзбекистон футбол ассоциацияси Интизом кодексининг 5.48, 5.49-бандига асосан «Навбаҳор» футзалчилари Илҳом Юсупжанов ва Ғуломжон Мамажоновга нисбатан 2 йил муддатга футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлаштириш ва жарима интизом чораси қўлланилган.
Шунингдек, «Навбаҳор лочинлари» клуби томонидан 2022 йилги мавсумда Ўзбекистон профессионал футбол лигаси томонидан ўтказиладиган мусобақалар Регламентининг 16.2,16.3,16.4-бандларига риоя қилинмагани учун клуб ҳам жаримага тортилган.
Гап шундаки, футзал олий лигаси 12-тури доирасидаги «Навбаҳор лочинлари» - «Металлург» учрашувининг 40-дақиқасида ҳакам томонидан «Навбаҳор» жамоаси ўйинчиси Дониёр Сотволдиевга қизил карточка кўрсатилган. Шундан сўнг «Навбаҳор» футзалчиси Илҳом Юсупжанов учрашув ҳаками олдига бориб ўз эътирозларини қўпол тарзда билдирган ва унга нисбатан куч ишлатган.
Шунингдек, жамоа аъзолари ва бошқалар томонидан жанжалли ҳолатни бартараф этиш чоралари кўрилаётган вақтда яна бир «Навбаҳор»чи Ғуломжон Мамажонов ҳам учрашув ҳакамига нисбатан куч ишлатган.
Мазкур учрашув интернет орқали тўғридан-тўғри эфирда намойиш этилаётгани, кейинчалик ушбу ҳолат акс эттирилган видеоёзув ижтимоий тармоқларда тарқалган ва кенг жамоатчилик томонидан жиддий эътирозларга сабаб бўлган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter