ФИДE президенти: «Ўзбекистонда мактаб дастурига шахмат дарси киритилиши ажойиб янгилик»
Бугун, 14 май куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида Халқаро шахмат федерацияси (ФИДE) президенти Кирсан Илюмжиновнинг талабалар билан учрашуви ташкил қилинди.
«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали мухбири фурсатдан фойдаланиб Кирсан Илюмжиновдан қисқача интервью олди.
— Ўзбекистон дунёнинг шахмат ўчоқларидан бири. Бу ерда минг йиллардан буён ушбу спорт тури ривожланиб келган, — деди ФИДE президенти — Мамлакатингиз Жаҳон чемпионини дунёга келтирган камсонли юртлардан бири ҳисобланади. Бу бежиз эмас албатта. Чунки бу юртда математика, медицина, астрономия асосчилари етишиб чиқишган. Ушбу ташрифимда мен учун ажойиб янгилик шу бўлдики, Ўзбекистонда мактаб таълим тизимига шахмат дарси киритилишига тайёргарлик кўрилаётган экан. Бугун Халқ таълими вазири ва ҳукумат вакиллари билан учрашдим. Уларнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда келгуси ўқув йилидан таълим дастурига шахмат дарслиги киритилиши режалаштирилган. Албатта, бу жараёнда ўқитувчи-мураббийлар ва дарсликлар борасида муаммолар юзага келиши мумкин. ФИДE бу каби муаммоларнинг ижобий ечим топишига ҳар томонлама кўмаклашади. Ўйлайманки, яқин йилларда шахмат Ўзбекистонда энг оммабоп спорт турларидан бирига айланади. Бу қувонарли жиҳат. Чунки тажрибалардан аёнки, шахмат билан шуғулланган болада фанларни ўзлаштириши, қобилияти, умуман унинг муваффақиятга эришиши даражаси 40 фоизга ошади.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг феврал ойида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев пойтахтнинг бир қатор туманларида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш чоғида мактаб дастурига шахмат дарсини киритишни таклиф қилган эди.
Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида бўлиб ўтган учрашувдан тайёрланган батафсил репортажни «Xabar.uz» сайтида кузатишингиз мумкин бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter