Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Энди Олимпиадага борадиган спортчилар мобил илова орқали вазир билан туну-кун алоқада бўлиши мумкин

Энди Олимпиадага борадиган спортчилар мобил илова орқали вазир билан туну-кун алоқада бўлиши мумкин

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳам ахборот-коммуникация технологияларини амалиётга татбиқ этиш борасида яна бир муҳим қадамни ташлади.

Таъкидлаш жоиз, Токио-2020 Олимпия ўйинлари бошланишига ҳам оз фурсат қолган бир паллада ҳар бир кун, соат ва ҳатто дақиқанинг ҳам қадри жуда баланд. Буни тўғри англаган ҳолда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан «Токио 2020» мобил иловаси яратилди ва ишга туширилди.

Ушбу мобил иловани яратишдан кўзланган мақсад – спортчи, тренер ва вазир ўртасида тўғридан-тўғри онлайн мулоқотни йўлга қўйиш ҳамда мавжуд муаммо ва камчиликларни ўз вақтида, тезкорлик билан ҳал қилишдан иборат.

Токио 2020 мобил иловасига дастлабки босқичда Токио-2020 олимпиада ўйинларига лицензияларни қўлга киритган ҳамда олимпиада йўлланмаларини қўлга киритиш имконияти юқори бўлган спортчилар ва уларнинг тренерлари уланишлари мумкин. Улар 24/7 режимида Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Ҳамидуллаевич Набиев ҳамда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти Рустам Мавзурович Шоабдурахмоновга ўзларини қийнаётган савол, муаммо ёки таклифлар билан мурожаат қилиш имкониятига эга бўлишди.

Яна бир жиҳатга эътибор қаратиш керак, у ёки бу спортчи томонидан йўлланган савол, таклиф, мурожаат ёки шикоятни бир вақтда ўша спортчининг ўзи билан бирга Жисмоний тарбия ва спорт вазири ҳамда МОҚ президенти, яъни фақат уч кишигина кўриши мумкин. Мобил иловани юклаб олган ва уланган бошқа спортчи, тренер ёки спорт федерациясининг раҳбари ўзга шахснинг шикоятини кўролмайди. Мобил иловада ахборотнинг тўла махфийлиги таъминланган бўлиб, бу коррупцион ҳолатларнинг олдини олишда ҳам муҳим ўрин тутади.

Кеча Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида мазкур мобил илованинг тақдимот маросими ўтказилди. Унда Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, вазирнинг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдурахмонов, вазирлик ҳамда МОҚ мутасаддилари, спорт федерацияларининг раҳбарлари ва терма жамоаларнинг бош мураббийлари иштирок этишди.

Маросимда мазкур мобил илованинг бугунги кунда қанчалик долзарб эканлиги алоҳида таъкидланиб, бу билан спортчиларимиз исталган вақт ва шароитда тўғридан-тўғри Жисмоний тарбия ва спорт вазири ҳамда МОҚ президентига мурожаат қилиш имкониятига эга бўлди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот котиби

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг