Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Энди жисмоний тарбия ва спорт мутахассислари уч йилда олий маълумотли бўлишади

Энди жисмоний тарбия ва спорт мутахассислари уч йилда олий маълумотли бўлишади

«2020/2021 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида»ги Президент қарори билан спорт соҳасида олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш жараёнини оптималлаштириш мақсадида «Спорт фаолияти (фаолият турлари бўйича)» бакалавриат таълим йўналиши бўйича ўқиш муддати уч йил этиб белгиланди.

Маълумот учун, бунгача Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг бакалавриат таълим йўналишида ўқиш муддати тўрт йил эди.

Спорт фаолияти таълим йўналишида ўқиш муддатининг бир йилга қисқартирилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги «Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни яна-да такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–5924-сонли фармонида белгилаб берилган, 2025 йилгача давлат спорт таълими муассасаларида тренер ва мутахассисларнинг сифат таркиби, хусусан олий маълумотли ходимлар сонини босқичма-босқич 80 фоизгача етказиш борасидаги вазифани бажаришда қўл келади.

Шунингдек, «2020/2021 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида»ги Президент қарорига мувофиқ 2020/2021 ўқув йили учун Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг бакалавриат таълим йўналишига 1 300 нафар талаба ўқишга қабул қилиниши белгиланган. Бу ўтган йилга нисбатан 10 фоизга кўп демакдир.

Эслатиб ўтамиз, пандемия сабабли 2020/2021 ўқув йили учун кириш имтиҳонлари оптималлаштирилди. Унга кўра, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети абитуриентлари жорий йилда касбий (ижодий) имтиҳонларда иккита йўналишда имтиҳон топширади. Шунингдек, касбий (ижодий)+тест шаклидаги таълим йўналишларида эса абитуриентлар аввалгидек иккита эмас, балки битта йўналишда ижодий имтиҳондан ўтишади.

Президент қарори билан, 2020/2021 ўқув йили учун қабул жараёни 2020 йил 20 июндан 20 июлгача давом этиши белгиланган.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг