Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бугун Ўзбекистонда «Олимпия куни» нишонланди

Бугун Ўзбекистонда «Олимпия куни» нишонланди

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги

«23 июн – Халқаро Олимпия куни». Бу сана бутун дунёда Халқаро Олимпия қўмитаси ташкил топган кун сифатида 70 йилдан ортиқ вақт давомида катта шодиёна билан нишонлаб келинади.

Ўзбекистонда жорий йилги «Олимпия куни» бугун нишонланмоқда. Шу муносабат билан эрта тонгда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон МОҚ, Олимпия спорт турлари бўйича федерация ва ассоциациялар ходимлари, спортчи ва мураббийлар биргаликда бадантарбия машқларини бажаришди.

Гарчи «Олимпия куни» тадбирлари Ўзбекистонда асосан бугун нишонланаётган бўлсада, ушбу кун шукуҳи юртимизда бир неча кундан бери кезиб юрибди. Жумладан, 15-июндан виртуал югуриш дастури йўлга қўйилиб, унда ҳозиргача 500 нафарга яқин ҳамюртимиз ўз омадини синаб кўришди.

«Олимпиада – бу...» лойиҳаси орқали таниқли ўзбек спортчи ва тренерлари замонавий Олимпия ўйинлари ҳақидаги ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашиб, ушбу роликлар ижтимоий тармоқларда фаол тарғиб қилинмоқда.

Маълумки, ҳозирда бутун дунё коронавирус пандемияси туфайли карантин ҳолатида бўлгани сабабли бу йилги байрам барча мамлакатларда онлайн тарзда нишонланмоқда. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам.

Шу мақсадда бугун соат 11:00да ZOOM платформаси орқали мамлакатимиз спорт жамоатчилиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда МОҚ мутасаддилари, юртимизда фаолият олиб бораётган Олимпия спорт турлари бўйича федерациялар ва ассоциациялар вакиллари, спорт фахрийлари, мустақил Ўзбекистон тарихида Олимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортимиз юлдузлари, қолаверса санъаткорлар видеоконференция шаклида «Олимпия куни»ни нишонлашди.

Унда сўз олган Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов видеоконференсия иштирокчилари ва улар орқали мамлакатимизнинг барча спорт аҳлини бугунги байрам билан табриклади:

— Олимпия куни ўзининг тарихий воқелигини нишонлаётганига қарамай, унинг мақсади келажакка, айниқса, ёшларни спортга жалб этишга қаратилган. Ёшларни спорт орқали ўзаро аҳиллик ва дўстона руҳда тарбиялаш Олимпия кунининг бош ғояларидан биридир.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ҳам спорт ва жисмоний тарбия соҳасини яна-да ривожлантириш, ёшларни соғлом турмуш тарзига жалб қилиш жиҳатларига алоҳида эътибор қаратиб, бунинг учун мамлакатимиз ёшларига барча шароитларни яратиб бермоқдалар.

2020 йилги Олимпия куни бутун дунё учун мана шундай мураккаб вазиятга тўғри келди. Бироқ бу вирус ҳеч бир мамлакатда мазкур куннинг нишонланишига тўсқинлик қила олмаяпти. Гувоҳи бўлганимиздек, Ўзбекистонда ҳам Олимпия куни турли онлайн мусобақалар, мана шундай мулоқотлар орқали нишонланмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни Олимпия куни билан самимий муборакбод этиб қоламан!

Шунингдек, видеоконференцияда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Қосимов, мамлакатимиз фахри, куни кеча ўзининг 45 ёшлик юбилейини нишонлаган спорт гимнастикаси афсонаси Оксана Чусовитина, мустақил Ўзбекистонга ёзги Олимпия ўйинларининг дастлабки олтин медалини тақдим этган Муҳаммадқодир Абдуллаев, таниқли актёр, Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов ва бошқалар ҳам сўзга чиқиб, юртимизда олимпизм ҳаракатини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, бу жараёнда спорт жамоатчилиги ҳукуматимизнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётганини ҳис этиб турганлигини алоҳида эътироф этишди ҳамда «Олимпия куни» билан юртдошларимизни самимий муборакбод этишди.

Тадбир сўнгида қатнашчиларга Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах томонидан йўлланган табрик намойиш этилди.

Ўзбекистонда «Олимпия куни» тадбирлари шу билан тугамайди. Айни кунларда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ушбу санага бағишлаб спорт тадбирлари ташкил этилмоқда. Демак, «Олимпия куни» шукуҳи ҳали давом этади.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг