Бугун “Насаф” БАА, “Навбаҳор” ва ОКМК Эрон жамоаларига қарши ўйнайди
6 ноябрь куни футбол бўйича Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичининг 4-тур ўйинлари бўлиб ўтади. Бугун Ўзбекистоннинг 3 та жамоаси – “Насаф”, “Навбаҳор” ва ОКМК клублари майдонга тушади.
Қаршиликлар ўз майдонида Бирлашган Араб Амирлигининг “Шаржа” жамоасини қабул қилса, “Навбаҳор” ва ОКМК Эроннинг “Нассажи Мозандарон” ҳамда “Сепахон”га жамоаларига қарши ўйнашади.
4-тур олдидан “Насаф” ва “Навбаҳор” яхши имконият ҳосил қилган. Рўзиқул Бердиев шогирдлари айни пайтгача ўтказилган 3 та ўйиндан 6 очко, Самвел Бабаян мураббийлик қилаётган “Навбаҳор” эса 7 очко тўплашга муваффақ бўлган. Ҳар икки клубимиз ўз гуруҳлариида 2-ўринда бормоқда. Шу ўринда наманганликлар ҳали ОЧЛда доирасида учрашувларда мағлубиятга учрамаганини таъкидлаб ўтиш керак.
Миржалол Қосимов бошқарувидаги ОКМК жамоасининг ҳолатига эса ҳавас қилиб бўлмайди. “С” гуруҳида тўп сураётган олмалиқлар ҳозирга қадар ўтказилган баҳсларда 1 очкони ҳам қўлга кирита олишмаган. Бироқ ҳали назарий жиҳатдан “кончилар”да ҳамон гуруҳдан чиқиш учун имконият мавжуд, аммо ОКМК сўнгги турларда ғалаба қозонган тақдирда ҳам уларнинг гуруҳдан чиқиш-чиқмаслиги рақибларининг натижаларига боғлиқ бўлиб қолаверади.
Эслатиб ўтамиз, “Насаф” – “Шаржа” ва “Нассажи Мозандарон” – “Навбаҳор” баҳслари Тошкент вақти билан соат 19:00 да старт олса, “Сепахон” - ОКМК ўйини 23:00 да бошланади. “Насаф” ва ОКМК иштирокидаги ўйин “Sport”, “Навбаҳор” иштирокидаги учрашув эса “Mahalla” телеканали орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилиши режалаштирилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter