Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бизга натижа бўлса бўлдими? Сингапурга қарши кечган ўйиннинг нимаси ёқмади?

Бизга натижа бўлса бўлдими? Сингапурга қарши кечган ўйиннинг нимаси ёқмади?

Фото: Ўзбекистон футбол ассоциацияси

Кеча, 15 октабр куни Жахон чемпионати-2022 саралаш мусобақаси, иккинчи босқич 4 тур доирасидан ўрин олган баҳсда Ўзбекистон МТЖ меҳмонда Сингапурни 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Бевосита ўйинга тўхталадиган бўлсак, бош жамоамиз ёмон ўйин кўрсатмади. Бироқ, Яман билан бўлган учрашувдаги сингари мураббийнинг имзоси ва олдиндан ўйланган қандайдир комбинациялар кўзга ташланмади. Аксинча, футболчиларимизнинг маҳорати эвазигагина муваффақият қозона олдик. Улар шунчаки ўзлари билган футболни намойиш қилдилар, яъни ҳеч қандай кўрсатма асосида эмас, балки қўлларидан келганча баҳоли-қудрат ҳаракат қилишди. Биз фақат тажриба ва савия бобида рақибдан устун эдик, холос.

Унда голлар қайдан пайдо бўлди дерсиз?

Элдор Шомуродовнинг иккинчи голини инобатга олмаганда, қолган вазиятларда голдан тортиб, хавфли хужумларгача қанотлардан уюштирилди. Марказдан деярли хужум ташкил этилмади, ҳимоя чизиғида ҳам муаммолар борлиги сезилди. Ачинарлиси, футболчиларимизда 3-турдаги бўлгани каби шижоат ва ғалабага бўлган иштиёқ етишмади. Фикримча, Вадим Абрамов бош қотириши керак бўлган камчиликлар ҳали талайгина.

Юқоридаги гаплар билан Абрамовни (ҳам) ёмон мураббийга чиқармоқчи эмасмиз. Абрамов бошқарувида жамоа 2 та ўйин ўтказган бўлса-да, 6 очко жамғариб, гуруҳ етакчисига айланди ва бу натижа барчамизни бирдек хушнуд айлади. Жаноб Купер даврида ғалаба биз учун бамисоли бир уддалаб бўлмас вазифага айланиб улгурганди. Айнан Вадим Карленович ўйинга чанқоқ бўлган ёш футболчиларни қўрқмасдан асосий таркибда майдонга туширди. Ва бу таваккал ҳозирча ўзини тўлалигича оқлади, Абрамовниг ўрнида исталган бошқа мутахассис бўлганда ҳам бундай қила олмаган бўларди. У футболчиларга ўзининг фалсафасини сингдириши учун маълум вақт керак бўлади.

Аслини олганда, ЖЧга чиқишни олдига мақсад қилган жамоа Сингапур, Яман, Фаластин каби рақибларни ортиқча муаммосиз мағлуб этиши лозим.

Ортда қолган икки учрашув барчамиз учун жуда муҳим эди, буни яхши англаган Вадим Абрамов шогирдлари максимум натижани қўлга киритишди. Эндиликда Одил Аҳмедов таъбири билан айтганда ўтмишдаги хатоларни такрорламасдан, фақат олға интилиш даркор. Зеро, олдинда қитъамизнинг энг кучли ва номдор жамоалари турибди. Тартибсиз ўйин улар билан бўладиган беллашувларда панд бериши ҳеч гап эмас. Шундай экан, Вадим Абрамов қиладиган ишлар ҳали кўп. Ва бунинг учун етарли вақт ҳам, имконият ҳам мавжуд.

Вақти келганда Абрамов айбни об-ҳаво ва майдон сифатидан қидирмаслигини жуда истаган бўлардим.

Билол ЭРКИН

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг