Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Битта кубок учун 32 жамоа: «Ўзимизнинг йигитлар»

Битта кубок учун 32 жамоа: «Ўзимизнинг йигитлар»

Фото: «Спорт-Экспресс»

Битта кубок учун 32 жамоа: «Ўзимизнинг йигитлар»

Футбол бўйича жаҳон чемпионати иштирокчилари ҳақидаги туркум мақолаларни сайтимизда эълон қилишда давом этамиз. Навбат Исландияга!

Лақаби: «Ўзимизнинг йигитлар».

Конфедерация: УЕФА.

Бош мураббий: Хеймир Хадлгримссон.

Сардор: Арон Гуннарссон.

Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Рунар Кристинссон (104).

Тўпурар: Эйдур Гудйонсен (26).

Стадион: Лаугардалсвёллур.

ФИФА рейтингида: 22 (2018 йил 17 май).

Энг юқори ўрин: 18 (2018 йил феврал).

Энг паст ўрин: 131 (2012 йил апрел-июн).

Илк расмий ўйин: Исландия Дания 0:3 (Рейкявик, Исландия; 1946 йил 17 июл).

Энг йирик ғалаба: Исландия Мальта 5:0 (Рейкявик, Исландия; 2000 йил 27 июл).

Энг йирик мағлубият: ДанияИсландия 14:2 (Копенгаген, Дания; 1967 йил 23 август).

Жаҳон чемпионатидаги иштироки: 0.

Европа чемпионатидаги иштироки: 1 (1/4 финал, 2016 йил).

 Илк таассурот

Исландия футболи бугунги кун юлдузлари билан дунёни ҳайратлантираётган бўлса-да, мамлакат аҳолиси биринчи рақамли спорт тури билан 20-асрнинг бошларидан буён шуғулланиб келади. Илк расмий учрашувини 1946 йилда Данияга қарши ўтказган «викинглар» тирихдаги энг йирик мағлубиятни ҳам айнан Даниядан қабул қилиб олишган. 1980-йилларнинг охирларигача Исландия футбол соҳасида қолоқ мамлкатлардан бири сифатида тилга олинар эди. Ўша пайтгача энг яхши футболчи сифатида фақатгина 50-йиллар қаҳрамони Рикхардур Йоунссон ҳамда «Милан» ва «Арсенал»да тўп сурган, кейинчалик мамлакат молия вазири сифатида фаолият юритган илк профессионал футболчи – катта Алберт Гудмундссонлар тилга олинар эди.

Янги қаҳрамонлар

20-аср охирларига келиб Исландия футболида янги қаҳрамонлар пайдо бўла бошлади. «Бордо» ва «Андерлехт»даги ўйинлари билан кўзга кўринган Арнор Гудйонсен мамлакат футболида янги қиёфа сифатида намоён бўлди. 1996 йил 24 апрелда у билан боғлиқ қизиқ ҳолат рўй берган эди. Эстонияга қарши ўртоқлик ўйинининг иккичи бўлимида Арнор Гудйонсен ўрнига унинг ўғли Эйдур майдонга тушди. Бу ўйин бир пайтнинг ўзида ота-бола ўйнаган илк учрашув сифатида тарихга кирди. Ўғил ҳам отасини уялтириб қўймади ва кейинчалик «Челси» ва «Барселона» сафида юлдузлик даврини ўтказди. Эйдур бугунги кунга қадар мамлакат терма жамоаси таркибида энг кўп тўп киритиган футболчи саналса, унинг отаси бу борада кучли ўнликка киради. Ўтган асрнинг сўнгги ўн йиллигида етарлича кучга эга бўлган Исландия терма жамоаси Европанинг ўртамиёна жамоалари қаторига мустаҳкам жойлашди ва вақти-вақти билан ўз майдонида кучли жамоаларни мағубиятга учратиб турарди.

Муаммо ва ечим

1990-йилларнинг охирларига келиб Исландияда кашандалик, ичкилик ва наркотик моддаларга берилган ёшлари сони ортиб кетди. Муаммонинг ечимига чора сифатида ҳукумат вакиллари томонидан оммавий спорт турларини ривожлантириш масаласи кўтарилди. Аммо ҳаддан ташқари совуқ иқлим йилнинг исталган пайтида спорт билан мунтазам шуғулланиш имкониятини бермасди. Натижада 2002 йилдан бошлаб барча шаҳар ва қишлоқларда оммавий равишда усти ёпиқ спорт иншоотлари қуриш авж олди. Тез орада спортнинг футбол ва гандбол турларида эришилган кўзга кўринарли ютуқлар қилинган меҳнатлар самараси сифатида баҳоланди.

Меҳнатлар самараси

Футбол соҳасидаги дастлабки ютуқ 2011 йилги ёшлар ўртасиги Европа чемионатида қўлга киритилди. Тўғри, Исландия терма жамоаси совринли ўринлардан бирини қўлга киритмади, аммо илк бор бундай мусобақада иштирок этган Гилфи Сигурдссон бошлиқ исланд ёшларининг чорак финалга қадар етиб бориши кўпчилик томонидан эътироф этилди.

Янги қон билан ҳаракат қилган «викинглар» 2014 йилдаги жаҳон биринчилигида ҳам иштирок этишлари мумкин эди. Аммо уларнинг йўлига тажрибали хорватлар тўғаноқ бўлишди ва мундиал эшикларини ёпишди.

«Евро-2016» саралаш баҳсларида Голландиядек грандни гуруҳда қолдириб кетган Исландия ўз юришларини Францияда ҳам давом эттирди. Гуруҳ баҳсида бўлажак чемпион Португалия билан дуранг қайд этган «викинглар» «плей-офф»да Англияни доғда қолдиришди. Улар томонидан ижро этилган ғалабани нишонлаш усули бутун дунёда урфга айланди.

 Асосий юлдуз

Музли ўлканинг бугунги кундаги юлдузи шубҳасиз 28 ёшли ҳужумкор ярим ҳимоячи Гилфи Сигурдссондир. Унинг истеъдодини 15 ёшлигидаёқ пайқаган мураббийлар Англиянинг «Рединг» жамоасига чорлади. Туманли Албионда ўйнаш Гилфининг ёшликдаги орзуси эди. Бир пайтлар отаси икки бора «Манчестер Юнайтед» ўйинини томоша қилиш учун «Олд траффорд»га олиб келганди. Футболчи дарҳол АПЛ ҳақида ўйламади, аввалига «роялчилар» сафида Чемпионшипда ўзини кўрсатди. Кенг жамоатчилик биринчи марта исландиялик ҳақида ўша ерда билишди, унинг узоқдан берилган зарбалари ва стандарт вазиятларни муваффақиятли амалга ошириши футболчининг усунлик тарафи эди. Мавсум якунига кўра «Рединг»нинг энг яхши футболчиси бўлган Гилфининг номи бир йил ўтиб клуб шон-шараф залидан ўрин олди. Унга кучлироқ клублардан «совчи»лар кела бошлади. Кейинги мавсумни «Хоффенхайм»да ажойиб тарзда ўтказган футболчи яна туманли Албионга қайтишга тўғри келди. Премьер-лигага чиққан Брэндан Роджерснинг «Суонси»сига ўтгач, Англиянинг янада кучлироқ жамоалари футболчининг хизматига қизиқа бошлашди. Курашда «Тоттенхэм» ғолиб бўлди. Аммо унинг юлдузи бўлиш «викинг»га насиб этмади. Яна «Суонси»га қайтиб ажойиб ўйинини давом эттирган исландиялик футболчига бу сафар «Эвертон» қизиқди ва уни 50 миллион евро эвазига сотиб олди. Сигурдссон «кўклар» сафида ҳам ёмон ўйин кўрсатгани йўқ, аммо мураббий Сэм Эллардайс унга доим ҳам ишонч билдирмаяпти.

Гилфининг терма жамоадаги ишлари жойида. У барча стандартларни ижро этади, конструкторлик хусусиятлари ва 186 сантиметрлик бўйи билан ҳар қандай футболчини чўчитади, мураббийни қизиқтиради. «Эвертон» футболчиси 7-бор «Исландиянинг энг яхши футболчиси» деган номни қўлга киритиб, бу борада Эйдур Гудйонсенни ортда қолдирди. Бош мураббий Хеймир Хадлгримссоннинг сўзларига кўра, Гилфи муваффақиятининг сири унинг футболни ҳаддан ташқари яхши кўришида. У машғулотлардан кейин камида 30 дақиқа қолиб, жарима зарбаларини тепиш машқини бажаради. Шунингдек мураббийнинг айтишича, Гилфининг спиртли ичимликларга хуши йўқ. Футболчини ўз ватанида нафақат зўр футболчи сифатида, балки қўли очиқ инсон сифатида яхши кўришади.

 Саралаш баҳслари

Жаҳон чемпионати саралаш баҳсларига қуръа ташланганида кўпчилик Исландиянинг Европа чемпионатида кўрсатган «каромати» якунига етгани, шимолликлар навбатдаги бир кунлик жамоалардан бири сифтида тарихга киришлари айтилди. Хеймир Хадлгримссон шогирдлари жаҳон мундиалига чиқишлари учун Хорватия, Туркия, Украина каби кучли терма жамоаларини ортда қолдиришлари лозим эди. Гуруҳнинг қолган жамоалари ҳам шунчаки очко улашадиганлар хилидан эмасди: Финляндия, Косова...

Мундиал йўлланмасининг асосий фактори ўз майдонидаги ғалабалар («викинглар» Рейкявикдаги барча ўйинларни ютишди) ва ажойиб жисмоний тайёргарлик эди. Шимолликлар Суоми вакилларига ҳам, хорватларга ҳам ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда гол уришди. Ҳал қилувчи баҳслар 9-турда бўлиб ўтди. Балқонликлар финларни мағлуб эта олишмади, исландлар эса Эскишаҳарда «меҳмон» бўлишди. Фақат ғалабадан умидвор бўлган Мирча Луческунинг «яничарлар»и тинмай ҳужум қилишди, «викинглар» эса ўз ишини қилди: қарши ҳужум ва стандартлардан унумли фойдаланиш! Натижада 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган Исландия терма жамоаси гуруҳда биринчи ўринга кўтарилиб олди ва мусобақа якунига қадар пастга тушмади. Сўнгги уй учрашувида Косовони мағлуб этган оролликлар жаҳон чемпионатига йўлланма олган аҳолиси энг кам давлат сифатида тарихга киришди.

Сўнгги бешта ўйин

 

Сана

Рақиб

Ҳисоб

Гол

муаллифлари

Шаҳар

1

2017 йил 10 ноябр

Чехия

1:2

Финнбогасон

Доҳа, Қатар

2

2017 йил 14 ноябр

Қатар

1:1

Кяртанссон

Доҳа, Қатар

3

2018 йил 14 январ

Индонезия

4:1

Гудмундссон 3 та,

Смарасон

Жакарта, Индонезия

4

2018 йил 24 март

Мексика

0:3

Санта-Клара, АҚШ

5

2018 йил 28 март

Перу

1:3

Фолусон

Харрисон, АҚШ

Рақиблар

Исландияликлар иштирокидаги гуруҳнинг икки баҳси Россиянинг жанубий қисмида жойлашган шаҳарларда бўлиб ўтишини ҳисобга олсак, улар танлаган Геленжик шаҳри база учун айни муддао. Аммо «викинглар» биринчи ўйинни москвалик мухлислар кўз ўнгида кимсан Аргентинага қарши ўтказишларига тўғри келади. Ушбу баҳс Исландия мамлакати мустақиллиги кунидан бир кун аввал бўлиб ўтиши байрамни кўнгилдагидек кутиб олиш имкониятини йўққа чиқариши мумкин.

Ҳал қилувчи сўнгги турда хорватлар билан учрашиш Исландия учун тобора анъанага айланмоқда. Сўнгги беш йил мобайнида бундай ҳолат учинчи марта рўй бериши. Исландияликлар шу кунгача гуруҳдаги жамоалар орасида айнан болқонликлар билан кўпроқ тўқнаш келишган. 2013 йили Бразилия мундиали йўлланмаси учун ўтиш баҳсида аввалига нурсиз дуранг қайд этилган бўлса, Загребдаги устунлик мезбонларни жаҳон чемпионатига олиб чиқди. Бу сафарги саралаш баҳсларида ҳам бир гуруҳдан жой олган жамоалар тўқнашувида аввалига «шашкачилар» Брозовичнинг «дубл»и эвазига 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Иккинчи даврадаги ўйинда Гилфи Сигурдссоннинг узатмасини Хёрдюр Магнуссон голга айлантириб, жамоасига муҳим ғалаба келтирди. Бундан ташқари мазкур жамоалар иштирокида яна иккита баҳс ўтказилиб, ҳар иккисида ҳам хорватларнинг қўли баланд келган.

Исландия терма жамоаси узоқ 1981 йилда нигерияликларга қарши бир марта ўртоқлик ўйинида иштирок этиб, 3-0 ҳисобида ғалабага эришган бўлса, Аргентина билан шу кунгача бирор марта беллашмаган

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг