Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Битта кубок учун 32 жамоа: олға «Тикос»!

Битта кубок учун 32 жамоа: олға «Тикос»!

Фото: rsport.ria.ru

Футбол бўйича жаҳон чемпионати иштирокчилари ҳақидаги туркум мақолаларни сайтимизда эълон қилишда давом этамиз. Навбат КОНКАКАФнинг иккинчи жамоаси Коста-Рикага!

Лақаби: «Тикос», «Учранглилар».

Конфедерация: КОНКАКАФ.

Бош мураббий:  Оскар Рамирес.

Сардор: Брайан Руис.

Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Валтер Сентено (137).

Тўпурар: Роландо Фонсека (47).

Стадион: «Estadio Nacional» («Миллий стадион»).

ФИФА рейтингида: 25 (2018 йил 17 май).

Энг юқори ўрин: 13 (2015 йил февраль-март).

Энг паст ўрин: 93 (1996 йил июль).

Илк расмий ўйин: Коста-Рика Сальвадор — 7:0 (Гватемала, 1921 йил 14 сентябрь).

Энг йирик ғалаба: Коста-Рика Пуэрто-Рико — 12:0 (Барранкилья, Колумбия; 1946 йил 10 декабрь).

Энг йирик мағлубият:  Мексика Коста-Рика 7:0 (Мехико, Мексика; 1975 йил 17 август).

Жаҳон чемпионатидаги иштироки: 4 марта (1/4 финал: 2014 йил).

КОНКАКАФ миллатлар чемпионати ва КОНКАКАФ олтин кубогидаги иштироки: 15 марта (чемпион: 1963, 1969, 1989).

Илк таассурот

Коста-Рика КОНКАКАФ минтақасининг энг кучли уч жамоасидан бири ҳисобланади. Мексика, АҚШ каби кучли терма жамоалар иштирок этадиган минтақавий мусобақанинг уч карра ғолиби саналган костарикаликлар жаҳон чемпионатидаги дебютини 1990 йил Италияда нишонлашган. Илк уринишда 1/8 финалгача етиб бориш мамлакат футболи учун катта ютуқ сифатида қабул қилинди. Гуруҳ ўйинларида таркибида Бролин ва Равелли каби юлдузларга эга Швециянинг 2:1, «чақилмас ёнғоқ» Шотландиянинг 1:0 ҳисобида мағлуб этилиши сенсация сифатида қабул қилинди. Бора Милутинович бошчилигидаги жамоа таркибида кейинчалик терма жамоага мураббийлик қилган Алешандре Гимарайнш, ҳозирги бош мураббий Оскар Рамирес, Европада ўзини кўрсатган дарвозабон Луис Конехо, Хуан Каяссо ва Эрнан Медфорд каби футболчилар бор эди.

Кейинги чемпионатлар

Кейинги иккита жаҳон чемпионати саралаш баҳсларида муваффақиятсизликка учраган костарикаликлар 2002 ва 2006 йилларда финал босқичининг гуруҳ баҳсларидан нарига ўта олишмади. Дастлабки уринишда Туркия терма жамоаси билан рақобатга киришган жамоа қўшимча кўрсаткичлар бўйича учинчи ўринда қолиб кетган бўлса, Германиядаги чемпионатда гуруҳни сўнгги поғонада якунлади.

Муваффақият

Сўнгги – Бразилиядаги чемпионатга қуръа ташланганида ҳеч ким «Тикос»нинг гуруҳдан чиқишига ҳам ишонмаган эди. Чунки улар гуруҳ баҳсларининг ўзидаёқ собиқ жаҳон чемпионлари – Италия, Англия ва Уругвай билан баҳс олиб боришлари лозим эди. Аммо колумбиялик мураббий Хорхе Луис Пинто шогирдлари дастлабки икки ўйиндан кейиноқ «плей-офф» масаласини ҳал қилишди. Форталезада Уругвай устидан қозонилган иродали ғалаба (3:1) кейинги ўйинларга куч берди ва 2-турда италияликлар таслим этилди. Нимчорак финалда Греция терма жамоасини пеналтилар сериясида мағлуб этган Кейлор Навас жамоадошлари чорак финалда Ҳолландия терма жамоасига ҳудди шундай ҳолатда мағлуб бўлди. Шундай бўлса-да, тарихий натижа қайд этилди ва Россияга Бразилиядаги қаҳрамон жамоанинг бир неча вакили ҳам келиши кутилмоқда.

Асосий юлдуз

Коста-Рика терма жамоаси жаҳон чемпионатига илк бор дунё танийдиган юлдуз билан ташриф буюради. Гап Кейлор Навас ҳақида эканлигини билган бўлсангиз керак. Европа чемпионлар лигасининг бўлажак икки карра соҳиби фаолиятини маҳаллий «Саприссе» клубида бошлаган. Ўз юртидаги омадли юриш ва «КОНКАКАФ кубоги-2009»даги энг яхши дарвозабон унвони уни кўҳна қитъага етаклади. «Албасете»га тезда мослашиб кетган йигит жамоанинг сегундада жон сақлаб қолишига кўп ҳаракат қилди. У кейинги жамоаси «Леванте» билан еврокубокларда тўп сурди. Валенсиядаги фаолиятининг дастлабки икки йилида асосан кубок баҳсларида майдонга тушган Кейлор Бразилиядаги чемпионат арафасида клубнинг биринчи рақамли дарвозабонига айланди. Ўша йили фантастик мавсумни ўтказган Навас 16 ўйинда биронта ҳам гол ўтказмаган ҳолда чемпионликка эришган «Атлетико» дарвозабони Тибо Куртуани ортда қолдириб, Испания чемпионатининг энг яхши дарвозабони бўлди. Тўрт йил олдинги жаҳон чемпионатида ҳам Кейлор уч ўйинда «энг яхши футболчи» деган номни қўлга киритди. Бундай мавсумдан кейин костарикалик дарвозабоннинг харидори кўпайди ва рақобатда барчадан устун келган Мадриднинг «Реал» клуби Кейлорнинг янги жамоасига айланди.

Наваснинг «Реал»даги фаолиятини бир текис деб бўлмайди. Рафаэл Бенитес билан боғлиқ можаролар фонида дарвозабоннинг меҳнати ҳам етарлича баҳоланмади. Мунтазам равишда «Манчестер Юнайтед» посбони Давид де Хеани Мадридга олиб келиш ҳаракати қаҳрамонимизга жиддий таъсир ўтказди. Жамоа мураббийи этиб Зайниддин Зиданнинг тайинланиши Кейлорнинг фаолиятига ҳам таъсир қилди. Янги мураббий қўлида у нафақат асосий посбон мақомига эришди, балки «Де Хеа васвасаси»нинг тўхтатилишига ҳам сабаб бўлди. Зидан бошчилигида Навас чемпионлар лигасининг икки карра ғолибига айланди. Унинг совуққонлиги пеналтиларни қайтаришда ҳам қўл келади. Яккама-якка дуэлларда унга таслим бўлган юлдузлар қаторида Гризман, Аспас, Вилялар мавжуд.

Кейлор Навасни ватанида жуда яхши кўришади. Бир неча йил олдин туғилиб ўсган шаҳри Перес Селедондаги маҳаллий стадионга унинг номини беришга аҳд қилишди. Аммо мамлакат қонунчилигига кўра топономик номлар тирик одам шарафига қўйилмаслиги бунга тўсқинлик қилди.

Саралаш баҳслари

Бошқа конфедерациялар каби КОНКАКАФ минтақасида ҳам кўп босқичли саралаш ўйинлари ўтказилади. Бешта ўзига хос имтиҳондан ўта олган жамоаларгина жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритади. Аммо Мексика, АҚШ каби кучли жамоалар каторида бугунги қаҳрамонларимиз ҳам саралаш баҳсларини тўртинчи босқичдан бошлашади.

Ўзлари учун илк босқични Панама, Ямайка ва Гаити каби терма жамоаларга қарши ўтказган Оскар Рамирес шогирдлари ортиқча қийинчиликларсиз ҳал қилувчи босқичга йўлланма олишди. Анча қизиқарли кечган сўнгги босқичда асосий рақиб – АҚШ терма жамоаси ҳар икки учрашувда ҳам мағлуб этилди ва сўнгги «кераксиз» ўйинда Панамага имконият бой берилди. Натижада чемпионатнинг доимий иштирокчиси АҚШ уйда қоладиган, Панама эса ўз тарихида илк марта жаҳон чемпионатида иштирок этадиган бўлди.

Сўнгги бешта ўйин

Сана

Рақиб

Ҳисоб

Гол

муаллифлари

Шаҳар

1

2017 йил 7 октябрь

Панама

1:2

Венегас

Панама

2

2017 йил 11 ноябрь

Испания

0:5

Малага

3

2017 йил 14 ноябрь

Венгрия

0:1

Будапешт

4

2018 йил 23 март

Шотландия

1:0

Урения

Глазго

5

2018 йил 27 март

Тунис

0:1

Ницца, Франция

 Рақиблар

Костарикаликлар ярим ҳимоячиси Елцин Техеда Екатеринбургдаги «Елцин маркази»ни томоша қилишга имкон топа олмаса керак. Лекин у Петропавловск қалъаси ва Эрмитаж музейини сайр қилиш имкониятига эга. Жамоанинг база сифатида Нева бўйидаги кўҳна пойтахтни танлашига етарлича асос бор. Бразилияга қарши гуруҳнинг энг қийин баҳси айнан Санкт-Петербургда ўтказилади. Қолган ўйинлар Самара ва Нижний Новгород шаҳарларида ўтиши белгиланган.

Тақвим Оскар Рамирес шогирдлари учун идеал кўринишда эмас, аммо жаҳон чемпионатида яхшироқ натижа кўрсатишни мақсад қилган жамоа учун илк турда Сербияни енгиш қийинчилик туғдирмаса керак. Иккинчи турдаги пентакампеонларга қарши ўйиндан кейин Швейцарияга қарши 3-тур баҳси ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши мумкин.

Коста-Рика – Бразилия тўқнашувидаги энг кутилмаган натижа 1960 йили Панамерика ўйинларида кузатилган. Ўшанда марказий америкаликлар ўз уйларидаги мусобақада Бразилияни йирик ҳисобда мағлуб этишган – 3:0! Шундан кейин «селесао» «тикос»ни икки бор жаҳон биринчилигида, яна шунча марта Америка кубогида таслим этди.

Швейцария билан икки бор ўртоқлик ўйинларида майдонга тушган костарикаликлар бир мартадан ғалаба қозонган ва мағлуб бўлган. Сербия – Коста-Рика ўйини жамоаларнинг ўзаро тўқнашувлари тарихини бошлаб беради.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг