Бектемир Мелиқўзиевнинг четлатилиши сабаби айтилди. Бу – допинг эмас
Аввалроқ Ўзбекистон миллий антидопинг агентлиги боксчимиз Бектемир Мелиқўзиев 4 йилга дисквалификация қилингани ҳақида хабар тарқатганди.
Ушбу ҳолатга Ўзбекистон терма жамоаси катта мураббийи Тўлқин Қиличевга изоҳ берди.
«Бектемирнинг четлатилиши допинг сабаб эмас. Четлатиш учун турли сабаблар бўлиши мумкин. У ерда баъзи мажбуриятлар бор ва буларнинг бажарилмаслиги дисквалификацияга олиб келади. Ҳозирда дисквалификация сабаб кўпчиликнинг ҳаёлига «у допинг истеъмол қилган экан» деган фикр келмоқда. Аммо аслида ундай эмас.
Бектемир бу вазиятда WADA мажбуриятини бажармаган. Яъни, допинг офицерлар уни текшириш учун борган вақтда Бектемир АҚШда истиқомат қиладиган манзил эшиги қулф бўлган ва улар қайтиб кетишган. Иккинчи маротаба эса у машғулотларда бўлган. Учинчи вазиятда Бектемир аэропортда бўлган. Чунки у ўшанда Иорданиядаги Осиё/Океания лицензион турнирида қатнашиш учун йўл олаётганди.
Биз энди-энди WADAнинг ADAMS тизимини тушуниб бормоқдамиз. Бу борада ишлаб чиқилган қоидалар кўп. Бу бўйича Миллий олимпия қўмитаси, бокс федерацияси томонидан спортчиларимизга бу борада тегишли тушунтиришлар олиб борилмоқда.
Мана шу учта ҳолат дисквалификацияни келтириб чиқарди. Аммо бу унинг қонида допинг бор ёки мана шундай тақиқланган моддаларни истеъмол қилди дегани эмас. Бизнинг йигитларимиз ўзимизнинг палов ва қазиларимизни истеъмол қилиб ҳам рақибларини мағлуб этаверишади. Шу таомларимизнинг ўзи ҳам боксчиларимизга яхшигина куч бўлади. Шу сабабли ҳам ўзбек боксчилари допингга муҳтож бўлиб қолмаган ва бундан кейин ҳам муҳтож бўлмайди. Чунки, допинг ноқонуний эканлигини ва фойдасидан кўра зиёни катталигини жуда яхши биламиз.
Бунинг профессионал боксга таъсири борми?
AIBAнинг антидопинг қоидалари ва профессионал боксники алоҳида тизим ҳисобланади. Проф боксда уларни ҳар бир жанг олдидан текширишади. У профессионал боксда тоза чиқмоқда ва фаолиятини давом эттираверади. Чунки, айтиб ўтилганидек, профессионал боксдан фарқли равишда ҳаваскор боксда мажбуриятлар кўп.
Ҳозирда ушбу йўналишда Ўзбекистон бокс федерацияси томонидан семинарлар ҳам ташкил этиб берилмоқда. Бу борада тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Боксчиларимизнинг ҳар бирига инглиз тилидан хабардор бўлган ходим бириктириб қўйилган. Бу федерациямиз раҳбарияти, шу жумладан шахсан Сакен Жетибаевич томонидан назорат қилиб борилмоқда. Миллий олимпия қўмитаси қошида ҳам бу борада ишчи гуруҳ тузилган. Назорат шу даражадаки, уларнинг қаерда бўлиши соат-соатигача назоратда», – дейди Тўлқин Қиличев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter