Бектемир Мелиқўзиев профессионал боксга ўтади
Ҳаваскор бокс бўйича Осиё чемпиони, Рио олимпиадаси кумуш медал соҳиби, жаҳон чемпионати совриндори Бектемир Мелиқўзиев фаолиятини профессионал боксда давом эттирадиган бўлди. Бу ҳақла «GoSport.uz» хабар берди.
Сўнгги вақтларда -81 кг вазн тоифасида жангларда иштирок этиб келаётган Мелиқўзиев куни кеча АҚШга жўнаб кетган. У «Мир бокса» промоутерлик компанияси билан шартнома имзолаши кутилмоқда.
Маълумот учун, мазкур промоутерлик компаниясида бугунги кунда ўзбекистонлик бир қатор боксчилар, жумладан Шаҳрам Ғиёсов (7-0, 6 КО), Муроджон Аҳмадалиев (5-0, 4КО), Исроил Мадримов (2-0, 2 КО) ва Баҳодир Жалолов (5-0, 5 КО) шуғулланиб келишмоқда. Бектемир айнан мана шу компания билан шартнома тузаётган навбатдаги ўзбекистонлик спортчи бўлади.
Эслатиб ўтамиз, кеча ҳаваскор бокс бўйича жаҳон чемпионати йўлланмасини тақдим этувчи Осиё чемпионати учун Ўзбекистон терма жамоаси таркиби эълон қилинган ва ундан Бектемир Мелиқўзиев ўрин олмаганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter