Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШдаги ўзбек спортчиси: «Йўқотганларимдан топганларим кўп бўлди»

АҚШдаги ўзбек спортчиси: «Йўқотганларимдан топганларим кўп бўлди»

«Xabar.uz» мамлакатимизнинг фаол ёшлари, хусусан кўплаб муваффақиятларга эришиб келаётган, умидли спортчиларимиз билан интервьюларни давом эттиради. Навбатдаги суҳбатдошимиз ҳозирги кунда АҚШдаги Lions Martial arts спорт клубида фаолият олиб бораётган ҳамюртимиз Шерзод Абдуллаев бўлди.

Қаҳрамонимиз 1995 йили Тошкент шаҳрида туғилган. Қарийб 15 йил йилдан буён спортнинг таэквондо ва кикбоксинг турлари билан шуғулланиб келади. Бир неча марта Ўзбекистон ва халқаро мусобақаларда ғолиб бўлган.

Спортга кириб келиш

Очиғи, спортга муҳаббат болалигимда уйғонган. 10 ёшимда спортнинг таэквондо тури билан шуғулланишни бошлаганман. Биринчи мураббийим Шерали ака Мирзоҳолов бўлади. Спортдаги бошланғич билимларни шу кишидан олганман. Ундан кейин Шерали аканинг ўзлари тажрибали спорт мураббийи Ойбек ака Норметов ҳузурларига олиб борганлар.

Ойбек ака билан якка курашнинг деярли ҳамма тури бўйича машғулотлар  қилганмиз. Жумладан бокс, таэквондо, жет кундо, аикидо, дзюдо, қўл жанги ва кикбоксинг.

Лекин шу кунга қадар кўпроқ катта ютуқларга кикбоксинг орқали эришдим.

Умуман, спортда ва ҳаётда нимагаки эришган бўлсам, уларнинг ҳаммаси Аллоҳдан ва сабабчилари ота-онам, устозларим меҳнати ва дуосида деб, биламан. Улар мен учун жуда қадрли. Ҳар доим, ҳар соҳада уларга суянганман. Ҳозир ҳам нима муаммо, нима хурсандчилик бўлса доим бирга баҳам кўрамиз. Айниқса, мураббийим Ойбек ака доим яхшилик билан, яхши гап билан муаммоларни ҳал қилишга ҳаракат қилади.

АҚШдаги дўстларим миллий таомларимизни ёқтиришади

Ҳозир Америка Қўшма Штатларнинг Нью Йорк шаҳридаги Lions Martial arts спорт клубида машғулотларни олиб боряпман. АҚШга келганимга деярли 3 йил бўляпти. Келишимнинг энг асосий сабаби спорт соҳасидаги карьерамни ошириш бўлган. Бу ердаги мураббийим Артем Саҳакян. Талабчан ва меҳнатсевар инсон.

Спорт клубимизда 100 га яқин спортчилар ва 10 дан ортиқ миллат вакиллари бор. Улар билан бўш вақтларимизда ўз мамлакатимиздаги янгиликлар хусусида тез-тез суҳбатлашиб турамиз. Бу ердаги дўстларимни аксарияти Ўзбекистонда бўлган. Мамлакатимизнинг тарихий қадамжолари ҳамда миллий таомларимизни ёқтиришади. Айниқса, мураббийим Артем Саҳакян миллий таомларимиз мазаси ҳақида кўп гапириб туради. Улар фурсат бўлиши билан яна Ўзбекистонга бориш ниятида.

Муваффақият ва мағлубият

Инсон ҳамиша ҳар нарсага тайёр туриши керак. Бизнинг соҳа – спортда муваффақият ҳам, мағлубият ҳам доим ёнма-ён юради.

Ёдимда, спорт мусобақалардаги биринчи мағлубиятимда бироз тушкунликка тушганман. Аммо мураббийларим, оилам ва дўстларим далда беришлари натижасида ўзимда куч топа олганман. Муваффақият қозонганимда эса, кейинги мусобақаларни сабрсизлик ва ўзимга сиғмай жўшиб кутган пайтларим кўп бўлган.

Умуман, муваффақият формуламга ҳамиша яхши ният қилиш, Яратгандан фақат яхшилик сўраш, ота-она, яқинларнинг розилиги, дуоси ва албатта меҳнатни киритган бўлардим.

Йўқотганларимдан топган нарсаларим кўп бўлди

Спортни танлаш эвазига йўқотган нарсам йўқ, аксинча кўп нарсага эришдим. Масалан, бир неча марта кикбоксинг бўйича Ўзбекистон чемпиони ва 2015 йил Россияда бўлиб ўтган халқаро мусобақада 2-ўринга сазовор бўлдим. Ундан кейин ҳам бир қанча халқаро турнирларда совриндорлар сафидан ўрин эгалладим.

Яна бир нарсани алоҳида таъкидламоқчиман, спорт инсоннинг ўзига бўлган ишончни оширади. Қатъият ва чидамни ўргатади.

Аммо, баъзи вақтлари спорт мусобақалари, машғулотлар ва сафарлар туфайли қариндошлар, яқинлар ва дўстларимнинг яхши-ёмон кунларида бирга бўлолмаганман. Бироқ улар ҳар доим мени тўғри тушуниб, қўллаб-қувватлаб келишади.

Албатта Ўзбекистонга қайтаман

Спортда ҳам, шахсий ҳаётимда ҳам яхши ният ва режаларим кўп. Спортдаги аксарият режалар пандемия туфайли бироз ортга сурилган. Сабаби халқаро мусобақалар деярли ўтказилмаяпти. Ҳаммаси изга тушгач, нуфузли спорт мусобақларида иштирок этиб, ғолиб бўлмоқчиман.

Кейинчалик албатта Ўзбекистонга қайтаман. Бу ерда орттирган тажрибаларимни юртимизда спортга кириб келаётган болалар ва ёшларга ўргатиш ниятидаман.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг