Президент номига кимлардан қутловлар келди?
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 24 июль куни қатор хорижий мамлакатларнинг давлат раҳбарлари ва нуфузли сиёсатчилари билан телефон орқали мулоқот қилди.
Хорижий ҳамкорлар давлатимиз раҳбарини таваллуд куни билан самимий муборакбод этиб, Президентимизга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ҳамда аҳоли турмуш даражасини тубдан ошириш, демократик жамият институтларини мустаҳкамлаш, мамлакат иқтисодиётини модернизация қилиш ва халқаро мавқеини юксалтиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳот ва янгиланишлар стратегиясини амалга оширишда катта муваффақиятлар тилади.
Ўзбекистон етакчисининг қисқа муддатда юртимизнинг жаҳон мамлакатлари ва кўп томонлама тузилмалари билан шериклик даражасини сезиларли ошириш, уни амалий мазмун билан бойитишга хизмат қилган прагматик ва фаол ташқи сиёсати алоҳида қайд этилди.
Бундан ташқари, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди, бўлажак саммитлар, шу жумладан ШХТ, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа тузилмаларнинг йиғилишларига тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенкодан қутловлар келгани ҳақида аввалроқ хабар берилганди.
Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев давлатимиз раҳбари биродар мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшганини таъкидлади.
Суҳбатда мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланиб, Ўзбекистон-Қозоғистон яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
Минтақадаги вазиятнинг ривожланиши юзасидан фикр алмашилди. Шу йилнинг 20-21 июль кунлари Қирғизистонда ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувининг якунларига юксак баҳо берилди.
*****
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти номига нуфузли глобал ташкилотлар раҳбарлари ва хорижий етакчилардан қутловлар келган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш таъкидлаганидек, “Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида мамлакат муҳим ислоҳотлар жараёнини амалга ошириш билан бир қаторда иқлим ўзгариши, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва минтақавий ўзаро боғлиқлик борасидаги халқаро саъй-ҳаракатларга ҳисса қўшмоқда».
Бош котиб Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси сифатида инсон ҳуқуқларини илгари суриш ва ҳимоя қилиш бўйича ўз зиммасига алоҳида мажбурият олганини қайд этди.
«Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бундан буён ҳам БМТ низомида мустаҳкамлаб қўйилган қадрият ва принципларни илгари суришда Ўзбекистон Республикасига таянади», дейилади энг нуфузли глобал институт Бош котибининг мактубида.
Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ўз табрикномасида «Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда турли соҳалардаги янгиланишлар дадил амалга оширилмоқда ва Янги Ўзбекистонни барпо этиш ишлари кенг қулоч ёзмоқда, бундан эса Хитой томони жуда мамнун», деб таъкидлаган.
«Жорий йилда Хитой ва Ўзбекистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланмоқда. Ўттиз йил давомида Хитой-Ўзбекистон муносабатлари узлуксиз ривожланиб, давлатлар ўртасидаги яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка намуна бўлиб хизмат қилмоқда.
Жорий йил февраль ойида Пекинда сермаҳсул учрашув ўтказдик ва икки томонлама муносабатларни янги тарихий воқелик шароитларида илгари суриш бўйича муҳим келишувларга эришдик.
Мен Хитой-Ўзбекистон муносабатларини ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқдаман ва Сиз билан ўртамиздаги мустаҳкам дўстликни қадрлайман. Икки мамлакат ва халқ фаровонлиги йўлида кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришга биргаликда ҳаракат қилишга тайёрман», деб таъкидлаган Раис Си Цзиньпин.
*****
Қуйидагилар ҳам ўз табрикларини йўллаган:
Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов;
Арманистон Республикаси Президенти Ваагн Хачатурян;
Мўғулистон Президенти Ухаагийн Хурэлсух;
Бирлашган Араб Амирликлари Вице-президенти, Бош вазири, Дубай амирлиги ҳокими Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум;
Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси Михаил Мишустин;
Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши Раисининг ўринбосари Дмитрий Медведев;
Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинян;
Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири ўринбосари, ички ишлар вазири Сайф бин Зоид Ол Наҳаён;
Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев;
Шанхай ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Чжан Мин;
Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Бағдод Амреев;
Евроосиё иқтисодий комиссияси ҳайъати раиси Михаил Мясникович;
Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши раиси Бинали Йилдирим;
Жаҳон сайёҳлик ташкилоти бош котиби Зураб Пололикашвили.
Қутловлар келишда давом этмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter