Тошкентда VII Ўзбекистон гидлар форуми ўтказилди
21-22 февраль кунлари Тошкент шаҳрида Халқаро гидлар кунига бағишланган VII Ўзбекистон гидлар форуми-2024 ўтказилди. Тадбирда 300 дан ортиқ халқаро иштирокчилар, тажрибали гидлар, туризм соҳасидаги мутахассислар, давлат ташкилотлари, фан ва таълим муассасалари вакиллари иштирок этди.
Форум Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси ва Туризмни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти ҳамкорлигида ташкил этилди.
Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси раиси Умид Шадиев, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Тошкент шаҳар ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Фахриддин Давруқов ва Туркия Салжуқий университети проректори Эмрулла Экен сўзга чиқди.
«Давлатимиз раҳбари томонларидан республика туризм соҳасини жадал равнақ топтириш, унга иқтисодиётни ривожлантиришнинг стратегик векторини бериш борасида олиб борилаётган улкан саъй-ҳаракатларни алоҳида таъкидлаш жоиз. Жумладан, хорижий давлатлардан ташриф буюрувчилар учун виза режими соддалаштирилди. Ҳозирда виза режими соддалаштирилган давлатларнинг сони 93 тага етди.
Соҳадаги ислоҳотлар сабаб, 2023 йилда юртимизга хориждан 7 млн. кишига яқин турист келди. Уларнинг қолиш муддати ўртача 4 кунгача узайди (1,3 баробар ўсиш).
«Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» дастурига асосан ҳудудларга 21 млн маҳаллий сайёҳ ташрифи ташкил этилди», – дея таъкидлади Туризм қўмитаси раиси Умид Шадиев тадбирнинг очилиш маросимида.
Форумдан кўзланган мақсад экскурсия соҳасида тажриба ва билим алмашиш, туризм индустриясининг муҳим йўналишларидан бирини ривожлантиришнинг долзарб масалалари ва истиқболларини муҳокама қилиш, шунингдек, ўзбекистонлик ва хорижий ҳамкорлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат бўлди. Форум доирасида «Экскурсия фаолияти: таълим, фан ва амалиёт симбиози» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди ва унда туризм соҳасининг таниқли олимлари, экспертлари ва таҳлилчилари маъруза қилдилар.
Форум доирасида Туризмни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти билан Туркия, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг турли таълим ва туризм ташкилотлари ўртасида бир қанча ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter