Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Толибон» ҳаракати Ўзбекистон хавфсизлигига таҳдид қилмасликка ваъда берди (видео)

«Толибон» ҳаракати Ўзбекистон хавфсизлигига таҳдид қилмасликка ваъда берди (видео)

Фото: ТИВ матбуот хизмати

2020 йил 28 февраль куни Қатарда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулзазиз Комилов «Толибон» ҳаракати сиёсий ваколатхонаси раҳбари мулла Бародар Ахунд билан учрашди.

29 февраль куни эса АҚШ ва Афғонистоннинг «Толибон» ҳаракати ўртасида узоқ кутилган, афғон халқига умумиллий ярашиш келтириш мумкин бўлган тинчлик битими имзоланди. Мазкур битим имзоланишида ўзбек дипломатиясининг ҳиссаси жуда катта.

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мазкур битим ҳақида сўзлаб берди.

— АҚШ ва «Толибон» ҳаракати ўртасидаги муҳим битим имзоланишини кузатдик. Ҳар икки томон тўхталган асосий шартлар ўт очишни тўхтатиш, зўравонликни тўхтатиш ва Афғонистонда тинчлик музокараларини бошлаш. Бу йўл сўнгги қирқ йил ичида илк бор очилмоқда.

Айтиш мумкинки, президент Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилган Тошкент конференциясидан сўнг ўтган икки йил ичида жуда кўп ишлар қилинди. Боз устига, Ўзбекистон томонидан бу ишлар мураккаб шароитларда амалга оширилди. Биринчидан, йирик давлатларнинг Ўзбекистон бундай муаммоларни ҳал эта олишига тўлиқ ишончи йўқ эди, иккинчидан, жуда кўп баҳс ва мунозаралар бўлди. Лекин, президентимизнинг қатъияти ва прагматизми, вазиятни ҳаққоний баҳолай олиши билан биз катта муваффақиятларга эришдик.

Амалда сўнгги икки йил ичида Тошкентдан Доҳагача — Афғонистонда қирқ йиллик уруш даврида босилмаган — улкан йўлни босиб ўтдик. Биринчидан, Ўзбекистон атрофида хотиржамлик ва хавфсизлик камари шаклланмоқда. Афғонистон йўналишида президентимиз томонидан қўлланаётган барча саъй-ҳаракатларнинг муайян натижаларидан бири республикамизнинг хавфсизлиги мустаҳкамланиши бўлмоқда.

Мен битта мисол келтираман: бу бизнинг Доҳада «Толибон» ҳаракати раҳбарияти билан учрашувимиз. Бу ҳаракат раҳбариятининг вакиллари бизга Афғонистон ҳудудида республикамиз хавфсизлигига бирор-бир таҳдид вужудга келишига улар томонидан ҳеч қачон йўл қўйилмаслигини ваъда қилишди. Мен буни айтаётганимга сабаб, «Толибон» ҳаракати эртага Ўрта Осиёга, жумладан Ўзбекистон томон ҳаракат қила бошлаши, вазият яна портлаши ҳақида айрим «шарҳлар» ва тахминлар ҳануз янграмоқда. Ўйлашимча, бундай «шарҳловчилар» ва кузатувчилар керакли хулосаларни чиқариб олишлари керак.

Иккинчидан, бизнинг олдимизда маҳсулотларимиз экспорти, савдо-сотиқ, жанубий давлатлар билан коммуникацияларни ривожлантириш бўйича улкан имокниятлар очилмоқда. Бу — Покистон, Эрон, Ҳиндистон каби давлатлар ва Афғонистоннинг ўзидан иборат улкан бозордир, — деди А.Комилов.

Ҳозирда Доҳада тинчликка эришиш учун илк аниқ қадамлар қўйилгани бўйича ҳеч кимда шубҳа қолмагани айтилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг