Шавкат Мирзиёев Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқот қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 ноябрь куни Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқот қилди.
Мулоқот аввалида давлат раҳбарлари қардош мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшнилик ва стратегик шериклик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бораётганини чуқур мамнуният билан қайд этдилар. Бу ҳақда Президентнинг матбуот хизмати хабар берди.
Алоқалар барча даража ва йўналишларда фаоллашгани кўп қиррали Ўзбекистон – Қозоғистон ҳамкорлигини янада ривожлантиришга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Ўзаро савдо ҳажми ортиб, иқтисодиётнинг турли тармоқларида, хусусан, ҳудудлар ва ишбилармон доиралар ўртасида кооперация кенгайиб бормоқда. Жорий йил 15 ноябрь куни Чимкент шаҳрида икки мамлакат чегараолди ҳудудлари маъмуриятлари ва етакчи компаниялари раҳбарлари иштирокида биринчи ҳудудлараро ҳамкорлик форуми муваффақиятли ўтказилди.
Қозоғистонда Ўзбекистон йили доирасида ишбилармонлик ва маданий-гуманитар алмашув дастури сермазмун бўлгани қайд этилди. Йил бошидан буён жами 50 дан ортиқ қўшма тадбир ўтказилгани бунинг тасдиғидир.
Мулоқот давомида давлат раҳбарлари олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасидаги ҳамкорлик истиқболларини, шунингдек, бўлажак тадбирлар режасини муҳокама қилдилар.
Долзарб минтақавий ва халқаро масалалар, жумладан, 2019 йилда мамлакатимизда ўтказиладиган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг иккинчи маслаҳат учрашувига тайёргарлик ишлари хусусида фикр алмашилди.
Мулоқот сўнгида давлат раҳбарлари кенг кўламли ҳамкорликни бундан буён ҳам фаол ривожлантириш, қардош Ўзбекистон ва Қозоғистон халқлари манфаатини, минтақада барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш йўлида кўп асрлик дўстлик, яхши қўшнилик ва икки томонлама стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга интилиши қатъий эканини таъкидладилар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter