Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин келгуси режаларни муҳокама қилишди

Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин келгуси режаларни муҳокама қилишди

Фото: Президент матбуот хизмати

30 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон ва Россия раҳбарлари ҳамкорликнинг асосий натижалари ва уни ривожлантириш режаларини муҳокама қилдилар.

Икки мамлакат раҳбарлари бир-бирларини дилдан қутлаб, кириб келаётган янги 2021 йил муносабати билан самимий табриклар алмашдилар, дўст халқларга тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилакларини изҳор этдилар.

Коронавируснинг глобал миқёсда тарқалиши билан боғлиқ мураккаб шароитда давлатларимиз пандемияга қарши курашиш, жаҳон иқтисодий ва эпидемиологик инқирози оқибатларини енгиб ўтишда бир-бирига ҳар томонлама ёрдамлашгани ва амалий кўмак кўрсатгани катта мамнуният билан қайд этилди. Бугунги кунда Ўзбекистонда Россия вакцинасини ишлаб чиқариш бўйича кооперация  имкониятлари фаол ўрганилмоқда.

Юзага келган вазият ва қийинчиликларга қарамай, барча даражалардаги фаол алмашинувлар давом эттирилди. Икки томонлама савдо кўрсаткичлари сезиларли ўсишига эришилди, саноат кооперацияси бўйича қатор йирик лойиҳалар ва маданий-гуманитар ҳамкорлик дастурлари йўлга қўйилди.

Россия Федерацияси мамлакатимиз МДҲга муваффақиятли биринчи бор раислик қилишига ҳамда Ўзбекистон Республикасига Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи мақоми берилишига салмоқли кўмаклашди.

Суҳбат чоғида Президентлар мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга бундан буён ҳам қатъий интилишлари ва бу борада биргаликдаги саъй-ҳаракатларни давом эттиришларини тасдиқладилар.

Келгуси йил режасига киритилган икки ва кўп томонлама тадбирларга пухта тайёргарлик кўришга келишиб олинди.

Ўзбекистон ва Россия раҳбарлари халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Телефон мулоқоти ҳар доимгидек самимий, очиқ ва дўстона руҳда ўтди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг