Шавкат Мирзиёев Назарбоев ва Тўқаевни табриклади
Бугун, 1 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Нурсултон Назарбоев ва қардош Қозоғистон халқини Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти куни билан самимий қутлади.
Элбошининг замонавий Қозоғистонни барпо этиш ва изчил ривожлантириш, мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини оширишдаги тарихий роли, шунингдек, Марказий Осиё минтақасида дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси алоҳида қайд этилди.
Икки мамлакат етакчилари Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик, ўзаро ишонч ва қўллаб-қувватлаш принципларига асосланган кўп қиррали муносабатларнинг бугунги даражасини юқори баҳоладилар.
Шавкат Мирзиёев шунингдек, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан ҳам мулоқот ўтказди.
Давлатимиз раҳбари Қозоғистоннинг кўп миллатли халқини давлат байрами – Биринчи Президент куни билан самимий қутлаб, тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилади.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Амалий ҳамкорликка оид қўшма лойиҳа ва дастурларни, аввало, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар соҳаларда илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Президентлар халқаро кун тартибини, жумладан, шу ойда Ўзбекистон Республикаси раислигида бўлиб ўтадиган МДҲ саммитига тайёргарлик кўриш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар. Ҳамдўстлик ва бошқа минтақавий ҳамда глобал тузилмалар доирасидаги яқин мулоқотни давом эттиришга тайёр эканликларини таъкидладилар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter