Шавкат Мирзиёев МДҲнинг норасмий саммитида иштирок этди (фото)
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни Санкт-Петербург шаҳрида Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ташаббуси билан ўтказилган МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этди.
Саммитда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Беларус президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян ҳам қатнашди.
Жорий йилдаги ҳамкорлик якунлари сарҳисоб қилиниб, бўлажак 2023 йил учун устувор вазифалар муҳокама қилинди. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Бугунги кунда Ўзбекистон МДҲ доирасидаги ҳамкорликни уч йўналишда: сиёсат ва хавфсизлик борасида, иқтисодий ва гуманитар соҳаларда ривожлантирмоқда.
МДҲ маконида тўлақонли эркин савдо ҳудудини шаклантириш ва транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш устувор вазифалардилар.
Саноат кооперациясини чуқурлаштириш, озиқ-овқат, энергетик ва экологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган миллий дастур ва стратегияларни амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Кейинги йилларда Ўзбекистон Ҳамдўстлик фаолиятидаги иштирокини фаоллаштирди, 40 дан ортиқ кўп томонлама битимларни имзолади ҳамда МДҲнинг 23 та тармоқ органларига қўшилди.
2022 йилда Ўзбекистоннинг Ҳамдўстлик мамлакатлари билан товар айирбошлаши учдан бир ҳиссага ортди, 1 мингдан зиёд қўшма корхоналар ташкил этилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter