Шавкат Мирзиёев март ойида БААга ташриф буюради
Бугун, 12 март куни Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасидаги Савдо-иқтисодий ва техник ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг учинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Унда давлатимиз раҳбарининг шу йил март ойи охирида БААга ташриф буюриши маълум қилинди, деб хабар берди «Халқ сўзи».
Хусусан, БАА иқтисодиёт вазири Султон бин Саид ал Мансурий кўрсатилган меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, «Биз Ўзбекистон Президентининг шу ойнинг 25-санасида бўладиган ташрифини сабрсизлик билан кутяпмиз», — дея таъкидлаб ўтди.
Ўз навбатида, Бош вазир ўринбосари Элёр Ғаниев айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БААга расмий ташрифига алоҳида тайёргарлик ишлари олиб борилаётганини қайд этган.
Мазкур йиғилишда Дубай ва Тошкент ўртасида янги авиайўналиш очилгани эълон қилинди. Ушбу парвозлар кечадан бошлаб Fly Dubai авиакомпанияси томонидан йўлга қўйилди. Томонлар мазкур қарор туризм, савдо амалиётлари ва сармояларни жалб этиш борасидаги ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш имконини беришини таъкидлашди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter