Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев Эрдўғон билан мулоқот қилди

Шавкат Мирзиёев Эрдўғон билан мулоқот қилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Бугун, 15 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг кўламли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Олий даражадаги келишувларга мувофиқ ўзаро алоқалар ва сермаҳсул алмашинувлар юқори суръатда давом этаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Мамлакатимизда Туркиянинг етакчи компаниялари иштирокидаги қўшма инвестиция лойиҳалари фаол амалга оширилмоқда. Ўзаро савдо кўрсаткичлари ўсмоқда, транспорт ва логистика соҳаларида кооперация алоқалари кучаймоқда. Биргаликдаги гуманитар дастурлар рўёбга чиқарилмоқда.

Икки мамлакат етакчилари минтақавий масалаларга тўхталар эканлар, август ойининг бошида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон, Туркия ва Озарбайжон ташқи ишлар, савдо ва транспорт вазирларининг учрашуви муваффақиятли ўтказилганидан ғоятда мамнун эканларини таъкидладилар. Ушбу форматдаги амалий ҳамкорликни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

Шунингдек, халқаро ва минтақавий тузилмалар, шу жумладан Туркий давлатлар ташкилоти ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Давлатимиз раҳбари шу кунларда Туркиянинг Коня шаҳрида ўтаётган ва ўзбекистонлик спортчилар муваффақиятли иштирок этаётган бешинчи Ислом бирдамлиги ўйинлари юксак даражада ташкил этилганини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистон ва Туркия Президентларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек самимий ва дўстона руҳда ўтди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг