Шавкат Мирзиёев БМТ Бош котиби билан учрашди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 июль куни Куксарой қароргоҳида расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашув ўтказди.
Суҳбат аввалида БМТ Бош котиби давлатимиз раҳбарига Ўзбекистонга келиш таклифи ва кўрсатилаётган самимий қабул учун чуқур миннатдорлик билдирди.
Олий мартабали меҳмонни самимий қутлаб, давлатимиз раҳбари А.Гутерришнинг республикамизга бу галги, иккинчи ташрифи "Ўзбекистон-2030" стратегияси доирасида амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотлар БМТ томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганининг тасдиғи эканини таъкидлади.
Музокаралар чоғида глобал ва минтақавий тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш, Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳолати муҳокама қилинди.
Ҳамкорликнинг жадал суръати ва мисли кўрилмаган юқори даражаси катта мамнуният билан қайд этилди.
140 та қўшма дастур ва лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Кейинги йилларнинг ўзида Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 10 та махсус резолюцияси қабул қилинди.
Йил бошидан буён БМТ Бош котибининг бешта ўринбосари Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ўтган ойда мамлакатимиз Иқтисодий ва ижтимоий кенгаш (ECOSOC) таркибига ва Халқаро меҳнат ташкилотининг Маъмурий кенгашига сайланди. Ўзбекистон вакили биринчи марта БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси бўлди. Тошкентда БМТнинг яна бир махсус муассасаси – Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича халқаро жамғарманинг ваколатхонаси иш бошлади.
Биргаликда глобал кун тартибига оид йирик халқаро тадбирлар, жумладан, озиқ-овқат хавфсизлиги, туризмни ривожлантириш, камбағаллик ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш ҳамда биохилма-хилликни муҳофаза қилиш бўйича тадбирлар ўтказилмоқда. Келгуси йилда Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-бош конференцияси бўлиб ўтади.
Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Давлатимиз раҳбари Бош котибнинг халқаро хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, БМТ ва унинг асосий органларини ислоҳ қилиш ҳамда жорий йилда Нью-Йорк шаҳрида Келажак саммитини ўтказиш ташаббусларини қатъий қўллаб-қувватлашини билдирди.
Минтақада транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни ривожлантириш, озиқ-овқат, энергетика ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.
Афғонистонда юзага келаётган вазият муҳокама қилиниб, афғон халқига гуманитар ёрдамни кенгайтириш, жаҳон ҳамжамиятининг бу мамлакатга нисбатан умумий стратегиясини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Учрашув якунида 2026-2030 йилларда Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича БМТ билан ҳамкорликнинг ҳадли дастурини биргаликда ишлаб чиқиш юзасидан келишувга эришилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter