Шавкат Мирзиёев Афғонистонда таълимни қўллаб-қувватлаш бўйича махсус халқаро фонд тузишни таклиф қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуcида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференциясида сўзлаган нутқида муҳим таклиф билан чиқиш қилди.
«Бизнинг асосий мақсадимиз — ёшларнинг сифатли таълим олиш имкониятига эга бўлишига эришиш, уларнинг ўз қобилияти ва истеъдодини рўёбга чиқариши учун барча зарур шароитларни яратиб беришдан иборат.
Биз барча хорижлик ҳамкорларимизга ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини аҳоли ва айниқса, ёшларга тушунтириш йўлида яқин ҳамкорликда иш олиб боришни таклиф этамиз.
Ўйлайманки, бу борада Ўзбекистонда ташкил этилган Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази ва Ўзбекистон Ислом академиясининг имкониятларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Шунингдек, биз ташаббус тариқасида Афғонистонда таълимни қўллаб-қувватлаш бўйича махсус халқаро фонд ташкил этишни таклиф қиламиз.
Бундан кўзланадиган асосий мақсад — мамлакатда талаб катта бўлган соҳалар бўйича миллий кадрлар тайёрлаш, истеъдодли талабалар ва ёш олимлар учун стипендия ва грантлар ажратиш борасида афғон томонига кўмаклашишдан иборат.
Бизнинг қатъий ишончимизга кўра, жамиятда таълимнинг нуфузини ошириш ва ёшларнинг камолотга интилишини рағбатлантириш – бу барқарор ва изчил тараққиётга эришиш кафолатидир. Буларнинг барчаси, ҳеч шубҳасиз, униб-ўсиб келаётган ёш авлодни зўровонлик ва радикализм мафкурасидан ҳимоя қилишда ёрдам беради», — деди давлатимиз раҳбари.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter