Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сайёр қабулларда аҳолидан келиб тушган ҳар бир мурожаат Президент администрацияси назоратида туради

Сайёр қабулларда аҳолидан келиб тушган ҳар бир мурожаат Президент администрацияси назоратида туради

Бу ҳақда Навоий вилояти Нурота тумани аҳолиси учун Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси ҳамда вилоятдаги Президент Халқ қабулхонаси томонидан ташкил этилган оммавий сайёр қабул давомида айтиб ўтилди.

Мазкур қабул вилоят марказидан  240 км узоқликда жойлашган Нурота туманининг «Темирқовуқ»  маҳалла фуқаролар йиғинида «Темирқовуқ», «Чуқурқудуқ», «Чўпон овул», «Қўзибой қудуқ» қишлоқлари  ҳамда «Сентоп» ва «Каттасой» маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси учун ташкил этилди. Унда 300дан ортиқ фуқаролар иштирок этиб, маҳаллий аҳоли учун долзарб бўлган 100 га масалалар билан мурожаат этди ва ўз ечимини топди.

Ҳусусан, шулардан бири Нурота туманида ичимлик суви билан боғлиқ бўлган муаммоларнинг ҳал этилиши бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон  Республикаси Президенти Маслаҳатчиси ўринбосари Алишер Усмонов ва Навоий вилояти ИИБ мутасаддилари сайёр йиғилиш давомида келишиб олинди.

 «Бизда сув таъминотида қийинчиликлар бўлгани учун деҳқончилик қилишда қийналамиз. Қурби етганлар ортизан билан сув чиқаришмоқда, етмаганларниг эса, аҳволи оғир» — дейди фуқаро Ўрал Усмонов. Унинг сўзларига кўра, айнан ша масала туман аҳолисини йиллар давомида қийнаб келаётган муаммодир. Сувсизлик сабаб на томорқада, на далада экин экиш ишларини юритиш қийин. Айниқса жазирама чилла кунлари мазкур масала деҳқонларни қийин аҳволга солиб қўяр экан.

Муаммони ҳал этиш мақсадида мутасаддилар тез кунларда имтиёзли кредит эвазига ҳар бир хонадонга ортизан қудуқ қазиб бериб, сув чиқариш бўйича аниқ чора тадбирлар белгиланиб, келишиб олинди.

Шунингдек, тадбир давомида мутасаддилар аҳолининг уй-жой билан таъминлаш, турар жойни кадастр қилиш, истеъмол кредити олиш, ишсизлик, соғлиқни сақлаш, ички йўлларни таъмирлаш, эскириб кетган сим ёғочларни янгиларига алмаштириш масалалари бўйича ҳам билдирган шикоятларини тинглаб, ўз жойида мурожаатларнинг аксарият қисмини қаноатлантиришди.

«Бугун  ҳудуддаги 40 километрлик ички йўлларни таъмирлаш, мавжуд МТМларни реконструкция қилиш, янгиларини қуриш масалаларини 2019-2020 йилларга мўлжалланган давлат дастурига киритиш белгиланди, — дейди вилоят ИИБ бошлиғи Рустам Турсунов. Биз вилоят ИИБ секторига қарашли бўлган мазкур ҳудудларда шу кунга қадар ҳам бир неча бор сайёр учрашувлар ташкил этган эдик. Аммо бугун аҳоли қамрови ва муаммоларни ҳал этиш имкониятлар янада кенгайди».

«Темирқовуқ» МФЙ фуқароси Элёр Бобоёров бир неча йилдан буён яшаб турган хонадонида сартарошлик билан шуғилланиб келади. У фаолиятини  кенгайтириш, сартарошхонасини нотурар жойга айлантириб замонавий жиҳозлаш учун кам фоизли кредит сўраб мурожаат қилди

«Мен шу кунгача кам фоизли кредит олиш учун роса югардим. Йўл йўриғни яхши билмаганим учунми кредит ололмагандим. Бугун мурожаатим ҳал этилиб, менга 10 миллион сўм кредит ажратилиши бўйича қарор қабул қилинди, — дейди Э.Бобоёров. Учрашувда менга ўхшаган яна 3 нафар кишига тадбиркорлиги учун имтиёзли кредитлар олишга қарор чиқарилди».

Ўзбекистон Республикаси Президенти жорий йилнинг 12 март санасида Нурота туманига ташрифи чоғида туманни ижтимоий иқтисодий ривожлантириш учун 63 миллиард сўм маблағ ажратилгани ҳақида маълумот берган эди. Учрашувлар давомида ҳудуддаги ишсизлик масаласи мазкур маблағлардан аҳолига 8% банк кредитлари ажратиш орқали ҳал этилиши ҳам айтиб ўтилди.

Тадибир якунида вилоят ва туман раҳбарияти эътибори учун ташкилотчилар томонидан аҳолидан келиб тушган мурожаатнинг ҳар бири Ўзбекистон Республикаси Президенти администрациясининг назоратида туриши таъкидланиб, бир оз вақт ўтгач ушбу муаммоларнинг ҳал этилиши ҳолати бўйича барча туман ва вилоятларда қайта текширувлар ўтказилиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг