Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Саудия элчиси президент Мирзиёевнинг ташрифи давомида эришилган асосий натижани очиқлади

Саудия элчиси президент Мирзиёевнинг ташрифи давомида эришилган асосий натижани очиқлади

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистон Саудия Арабистони фуқаролари учун 30 кунлик визасиз режим жорий қилмоқда. Саудия томони ҳам бунга жавобан виза борасида енгиллик бериши мумкин. Бу ҳақда подшоҳликнинг Ўзбекистондаги элчиси Юсуф ал-Утайбий 6 сентябрь куни Тошкентда ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

Аввал хабар берганимиздек, президент Шавкат Мирзиёев Икки муқаддас масжид ходими – Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг таклифига биноан 17-18 август кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди.

Саудия элчиси Ўзбекистон етакчисининг ташрифини тарихий аҳамиятга молик воқеа деб атади.

«Президент Шавкат Мирзиёев жаноби олийларининг Саудия Арабистонига ташрифи икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик тарихида янги саҳифа очди. Ташриф якунида ўзаро ҳамкорликка доир 14 ҳужжат – битим ва англашув меморандумлари имзоланди. Ўзбекистон–Саудия ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши ҳам муваффақиятли ўтди. Буни энергетика, кимё, электротехника, инфратузилмани ривожлантириш, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, ахборот технологиялари ва транспорт соҳаларида умумий қиймати 12,5 миллиард доллардан ортиқ бўлган келишув ва шартномалар имзолангани ҳам тасдиқлайди», – деди Юсуф ал-Утайбий.

Қайд этилишича, Ўзбекистон президенти ҳамда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд ўртасидаги музокараларда ҳамкорликка доир муҳим масалалар муҳокама этилган.

«Мен Ўзбекистон билан Саудия Арабистони ўртасида кенг қамровли шериклик муносабатларини янада кенгайтириш тўғрисида Қўшма баёнот қабул қилинганини алоҳида таъкидлашни истар эдим. Қўшма баёнотда икки томон ҳам кўплаб халқаро ва минтақавий масалаларда муштарак ёндашув ва қарашга эга экани қайд этилди. Жумладан, Афғонистон, Яман, Украинадаги вазият юзасидан нуқтаи назарлар баён этилди», – деди дипломат.

Элчининг таъкидлашича, ўзаро сайдо айланмаси кўрсаткичлари икки мамлакат салоҳияти ва имкониятларига жавоб бермайди. Шунга кўра ҳозир савдо-тижорат муносабатларидаги транспорт, логистика каби муаммоларни ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Дипломат жорий йил 15 сентябрдан Саудиянинг «FlyNas» авиакомпанияси Жидда–Тошкент–Жидда йўналишида мунтазам парвозларни йўлга қўяётганини бу борадаги муҳим янгилик сифатида қайд этди.

Ўзбекистон президентининг 16 августдаги фармонига кўра 2023 йил 1 январдан бошлаб Саудия Арабистони фуқаролари учун 30 кунлик визасиз режим жорий қилинмоқда. Юсуф ал-Утайбий ушбу қулайлик учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик изҳор қилди. Айни чоқда, Саудия томони ҳам Ўзбекистон фуқаролари учун виза борасида енгиллик жорий этишига умид билдирди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг