Қозоғистон ва Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг муштарак жиҳатлари айтилди
Қозоғистон ҳамда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни икки жиҳат – жамиятда демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштириш ва давлатнинг ижтимоий масъулиятини ошириш истаги бирлаштириб туради, дейди Қозоғистоннинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Бейбут Атамқулов.
14 декабрь куни журналистлар билан учрашган дипломат икки қардош мамлакат сиёсатдан маданиятга қадар – турли жабҳаларда бир-бирини тўлдириш ва ўзаро кўмаклашиш йўлидан бораётганини урғулади.
«Мамлакатларимиз сиёсий тизимни шакллантириш борасида бир-бирига уйғун йўлларни босиб ўтди. Давлат бошқаруви қурилмаси ҳам муштарак хусусиятларга эга. Шунга кўра, Қозоғистон ва Ўзбекистондаги ички сиёсий жараёнлар табиий равишда ҳар икки томонда қизиқиш билан кузатилмоқда», – дейди Бейбут Атамқулов.
Жорий йил 1 сентябрь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакат халқига «Адолатли Қозоғистоннинг иқтисодий дастури» деб номланган мурожаатнома йўллаган эди. Элчига кўра, мурожаатномада кўплаб муҳим масалалар қаторида Ўзбекистон билан ҳамкорликка ҳам эътибор қаратилган.
«Президент мурожаатномаси Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада кенгайтириш йўлида янги уфқларни очади. Энергетика йўналишида интеграция, транспорт коридорлари жабҳасидаги қўшма лойиҳалар ва сув ресурсларини бошқариш бўйича ўзаро келишувлар икки томонлама алоқаларнинг таянчи бўлиши, иқтисодий, стратегик робиталаримизни янада мустаҳкамлаши кутилмоқда», – дейди Қозоғистон элчиси.
Қайд этилишича, жаҳон иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатаётган халқаро ҳодисаларга қарамай, ўтган йили Қозоғистон иқтисодиётида ўсиш кузатилди: ЯИМ 220 миллиард долларга етди, хориждан рекорд миқдорда – 28 миллиард долларлик тўғридан-тўғри сармоя жалб этилди, ташқи савдо айланмаси 136 миллиард доллардан ошди.
Элчи ҳар икки давлатнинг иқтисодий натижалари янада ўсишида бир-бирини тўлдириш ва қўллаб-қувватлаш тамойили муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
«Қозоғистон ва Ўзбекистонни тарихий тақдир, муштарак тил, дин, маданий қадриятлар, анъаналар ва урф-одатлар бирлаштиради. Икки давлат ўртасидаги сарҳадларни эса дўстлик чегараси деб аташ мумкин», – дейди Б.Атамқулов.
Ўзбекистон Қозоғистоннинг Марказий Осиёда биринчи, жаҳонда эса учинчи савдо ҳамкори саналади. Кейинги йилларда ўзаро савдо айланмаси 5 миллиард доллардан ошди. Икки давлат раҳбарияти бу кўрсаткични 10 миллиард долларга етказиш вазифасини қўйган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter