Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қозоғистон элчиси Ўзбекистон ТИВга ишонч ёрлиғи нусхасини топширди

Қозоғистон элчиси Ўзбекистон ТИВга ишонч ёрлиғи нусхасини топширди

Фото: ТИВ матбуот хизмати

8 ноябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Қозоғистоннинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Бейбут Атамқуловни қабул қилди.

ТИВ хабарига кўра,  учрашув элчининг вазирга ишонч ёрлиғи нусхасини топшириш маросими билан бошланди. В.Норов Б.Атамқуловни лавозимга киришиши билан табриклаб, касбий фаолиятида муваффақият тилади.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон–Қозоғистон яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни кўриб чиқилди.

Режалаштирилган ташрифлар ва қўшма тадбирларга тайёргарлик кўриш, хусусан, Қозоғистон делегациясининг Туркий давлатлар ташкилоти саммити, Самарқандда бўлиб ўтадиган Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари учрашуви ҳамда «Европа Иттифоқи–Марказий Осиё» ўзаро боғлиқлик конференциясида иштироки юзасидан фикр алмашилди.

Ўзаро товар айирбошлашнинг жадал ўсиб бораётгани қайд этилгани ҳолда, унинг ҳажмини янада ошириш, саноат, энергетика, транспорт-логистика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истаги билдирилди.

Икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги алоқаларни рағбатлантириш ва мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этилди.

Маданий-гуманитар алоқаларни фаоллаштириш лозимлиги алоҳида таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, жорий йил ноябрь ойида ўтказиладиган «Қозоғистонда Ўзбекистон маданияти кунлари»га тайёргарлик муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз, Бейбут Атамқулов жорий йил 31 октябрь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг фармони билан Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчи этиб тайинланди.

58 ёшли Б.Атамқулов узоқ йиллар дипломат сифатида масъул лавозимларда фаолият юритган. Сўнгги вақтларда эса Қозоғистон саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазири лавозимида ишлаган.

Аввал хабар берганимиздек, 5 ноябрь куни президент Қ.Тўқаев янги элчи Б.Атамқуловни қабул қилган ва Ўзбекистон билан иттифоқчилик муносабатларини янада чуқурлаштириш юзасидан топшириқлар берган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг