Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент ногиронларга алоҳида дастур ишлаб чиқилганини айтди

Президент ногиронларга алоҳида дастур ишлаб чиқилганини айтди

Президент Шавкат Мирзиёев 3 декабр — Халқаро ногиронлар куни муносабати билан Ўзбекистон халқига мурожаат қилди. Мурожаатда ногиронлар учун кўп янгиликлар бор. Қуйида уни тўлиғича келтирамиз.

Қадрли ватандошлар!

Маълумки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1992 йил 14 октябрдаги резолюциясига мувофиқ, ҳар йил 3 декабрь санаси бутун дунёда Халқаро ногиронлар куни сифатида нишонланиб келмоқда.

Бундан кўзланган асосий мақсад – ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида ҳимоя қилиш, уларнинг муаммоларига кенг жамоатчилик эътиборини жалб этишдан иборат.

Эзгулик, меҳр-оқибат, инсонпарварлик тимсоли бўлган ушбу айёмда мамлакатимиздаги бир миллионга яқин имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган фуқароларимизга ҳурмат-эҳтиром ва эзгу тилакларимни билдираман.

Меҳр-мурувватли ва бағрикенг халқимиз азал-азалдан ёрдамга муҳтож, имконияти чекланган инсонларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишни жамиятда тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган энг муҳим қадриятлардан бири сифатида эъзозлаб келади.

Ана шундай эзгу анъаналаримизни бугунги замон талаблари асосида ривожлантириш мақсадида сўнгги йилларда мамлакатимизда имконияти чекланган фуқароларимизни қўллаб-қувватлаш, улар учун зарур барча шароитларни яратиш борасидаги давлат сиёсати янги босқичга кўтарилмоқда.

Бунинг тасдиғини “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилингани, мамлакатимиз Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияга қўшилгани, соҳада мустаҳкам қонуний база яратилгани мисолида кўриш мумкин.

Шу асосда имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамиятдаги мавжуд имкониятлардан фойдаланиш, ҳаракатланиш, соғлиқни сақлаш, таълим, бандлик, реабилитация, сиёсий-ижтимоий ҳаётда иштирок этиш билан боғлиқ ҳуқуқлари таъминланмоқда.

Бу борада “Инсон қадри учун” тамойили асосида Янги Ўзбекистонда инклюзив ривожланиш, яъни аҳолининг барча қатламлари учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани муҳим роль ўйнамоқда.

Биз ушбу йўналишда ногиронлиги бўлган инсонлар – жамиятнинг тўлақонли аъзолари, деган тамойилга амал қилган ҳолда изчил иш олиб бормоқдамиз.

Чиндан ҳам, биз барпо этаётган янги, эркин ва демократик давлатда жамиятнинг ҳар бир аъзоси билим олиш, замонавий касб-ҳунарларни эгаллаш, ўз истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш, меҳнат билан банд бўлиш учун зарур имкониятларга эга бўлиши шарт.

Биз учун ногиронлиги бўлган инсонларни ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳаларига жалб этиш устувор йўналиш ҳисобланади. Яқинда бўлиб ўтган Президент сайловида шу масалаларга алоҳида эътибор қаратилиб, ногиронлиги бўлган шахслар сайлов участкаларига келиб-кетишлари учун транспорт билан таъминлангани, Брайл алифбосида сайлов бюллетенлари тайёрлангани ва сайлов участкалари пандуслар билан жиҳозлангани уларнинг сиёсий-ижтимоий жараёнларда фаол иштирок этишларини таъминлаш йўлида муҳим қадам бўлганини халқаро ва хорижий кузатувчилар ҳам эътироф этдилар.

Имконияти чекланган фуқаролар учун яратилаётган шароитлар ҳақида гапирганда, сўнгги икки йилда пенсия ва нафақа олувчи ногиронлиги бўлган шахслар сони 100 минг нафарга кўпайиб, уларнинг миқдори қарийб 2 баробарга оширилганини таъкидлаш лозим. Шунингдек, барча ҳудудларда “Саховат ва кўмак” умуммиллий ҳаракати доирасида ҳамда “темир дафтар”, “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари”га киритилган имконияти чекланган юртдошларимизга манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизими йўлга қўйилди.

Ногиронлиги бўлган шахсларни ҳаётга мослаштириш ва ижтимоий реабилитация қилиш борасида ҳам катта ишлар амалга оширилмоқда. Масалан, кейинги йилларда 27 та тиббий-ижтимоий муассасалар реконструкция қилиниб, замонавий талабларга мос бўлган 1,5 мингта даволаш-реабилитация ўринлари фойдаланишга топширилди.

Ана шундай фуқароларимизга бепул бериладиган протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларининг рўйхати 22 турдан 27 тагача кўпайтирилди. Хусусан, жорий йилнинг ўзида ногиронлиги бўлган болаларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш мақсадида улар бюджет маблағлари ҳисобидан қарийб 40 миллиард сўмлик протез-ортопедия ва реабилитация мосламалари, кохлеар имплантлар ҳамда бошқа махсус буюмлар билан таъминланди.

Бундан ташқари, халқ таълими тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш дастурини амалга ошириш ишлари бошланди, 300 дан ортиқ мактабларда имконияти чекланган болаларнинг билим олиши учун зарур шароитлар яратилди.

Ҳақиқий матонат эгаси бўлган ногирон йигит-қизларимизнинг жаҳон майдонларида юқори натижаларни қўлга киритиб, Ватанимиз байроғини баланд кўтариб келаётганлари барчамизга чексиз ғурур-ифтихор бағишлайди. Жумладан, шу йил Токиода ўтказилган Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон вакиллари 8 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза медалларини қўлга киритгани ҳар қандай таҳсин ва тасанноларга муносибдир.

Таъкидлаш жоизки, 3 декабрь санаси бутун дунёда паралимпиячиларни шарафлайдиган айёмга айланиб бормоқда. Шунинг учун ҳам азму шижоатли паралимпиячи спортчиларимизни яна бир бор чин дилдан қутлаб, уларга халқаро майдонларда юксак чўққиларни забт этишда янги муваффақиятлар тилаб қоламан.

Ҳаётнинг бошқа соҳаларида ҳам юксак марраларни эгаллашга қодир бўлган ёшларимиз ўз қобилият ва имкониятларини тўлиқ намоён этиши, ҳаётда ўзининг муносиб ўрнини топишига кўмаклашиш – бундан буён ҳам биз учун устувор вазифа бўлиб қолади. Шу мақсадда ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар ўзларини жамиятнинг ажралмас қисми сифатида ҳис этиб яшашлари учун уларга қўшимча шарт-шароитларни яратишга қаратилган алоҳида дастур қабул қилиб, уни албатта амалга оширамиз.

Ушбу дастурнинг мазмун-моҳияти Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадлари билан ҳамоҳанг бўлиб, унда ногиронликни белгилашда тиббий ёндашувдан ижтимоий ёндашувга ўтиш асосий вазифа сифатида белгиланади.

Энди ногиронлиги бўлган шахслар – “муаммоси бор инсонлар” деган қарашдан воз кечиб, уларнинг имкониятини кенгайтириш учун, аввало, ижтимоий-иқтисодий тизимни такомиллаштириш йўлидан боришимиз зарур.

Шунинг учун дастурда қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилади.

Биринчидан, ногиронлиги бўлган ёшларга барча даражада сифатли таълим олиши учун тенг имкониятлар яратилади.

Жумладан, келгуси ўқув йилидан бошлаб алоҳида таълим олишга эҳтиёжи бор болаларнинг 24 фоизи, 2025 йилда эса 40 фоизи оддий мактабларда ўқиши учун барча шароитлар яратилади. Шунингдек, инклюзив таълимнинг ресурс марказлари сони 14 баробарга кўпайиб, 200 тадан ошади.

Иккинчидан, ногиронлиги бўлган шахсларни касб-ҳунарга ўқитиш ва улар учун муносиб иш ўринларини яратиш орқали уларнинг даромадини кўпайтиришга қаратилган чора-тадбирлар янада кучайтирилади. Бу борада уларни замонавий касб-ҳунарга ўқитиш бўйича махсус дастурлар ишлаб чиқилади.

Шунингдек, ҳар бир инсон учун давлат ҳисобидан касб-ҳунар ўрганиш имконияти яратилади, шу мақсадда ажратиладиган маблағлар 2 баробарга оширилади.

Барча даражадаги давлат идораларига имконияти чекланган фуқароларни улар учун мос келадиган ишга қабул қилишда устунлик ва имтиёз берилади.

Бундан ташқари, тадбиркорларнинг ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилиш борасидаги ташаббуслари қўллаб-қувватланиб, уларни рағбатлантириш чоралари кўрилади. Жумладан, бундай тадбиркорлар ва ишга қабул қилинган фуқароларга қўшимча солиқ имтиёзлари берилади ва давлат томонидан субсидиялар ажратилади.

Учинчидан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг саломатлигини асраш, уларга тиббий хизматлар кўрсатиш ишлари тизимли равишда давом эттирилади.

Ногиронлиги бўлган болаларни соғломлаштириш учун Республика болалар тиббий реабилитация маркази ва унинг ҳудудий филиаллари ташкил этилади.

Шунингдек, ҳар йили 2 минг нафар болада туғма юрак нуқсони ва бош миядаги патологик ўзгаришлар бўйича жарроҳлик амалиётини ўтказиш белгиланмоқда.

Тўртинчидан, имконияти чекланган фуқаролар мамлакатимизнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётида фаол қатнашиши учун “тўсиқсиз муҳит”, яъни, қулай шароит яратилади.

Жумладан, янги барпо этиладиган давлат идоралари бинолари, ижтимоий объектлар, боғ ва парклар, жамоат транспортида махсус инфратузилма яратиш, давлат хизматлари кўрсатиш тизимини ногиронлиги бўлган шахсларга мослаштириш бўйича чоралар кўрилади, улар учун махсус ахборот порталлари, телекўрсатувлар, адабиётлар ва кутубхоналар сони кўпайтирилади.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивларида ногиронлиги бўлган шахсларга уй-жой шароитларини яхшилаш учун субсидия ва имтиёзли кредитлар берилади.

Энг муҳими, барча даражадаги раҳбарлар ва давлат идоралари масъуллари томонидан ногиронлиги бўлган шахсларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилиш бўйича доимий мулоқот тизими йўлга қўйилади.

Бир фикрни алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман: жамиятимизнинг энг эҳтиёжманд қатламларидан бири бўлган ногиронлар билан боғлиқ фаолиятимизни танқидий қайта кўриб чиқар эканмиз, бу инсонлар ҳам мамлакатимиз фуқаролари, бизнинг юртдошларимиз эканини, бинобарин, ҳеч қачон ўзларини ёлғиз ҳис этмасликлари, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётимизда фаол иштирок этишлари учун бундан буён ҳам барча куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистонда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди.

Ишончим комил, 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида мустаҳкам ўрин эгаллаб, жамиятимизда эзгулик, меҳр-оқибат, гуманизм ғояларини янада чуқур қарор топтиришга хизмат қиладиган муҳим саналардан бири бўлиб қолади.

Биз бу борада сиз, азизларга – кўпни кўрган отахон ва онахонларимизга, ҳурматли хотин-қизларимизга, ҳаётга дадил кириб келаётган навқирон ёшларимизга, доимо эзгу ва савоб ишлар қилиб яшашга интиладиган бутун халқимизга таянамиз.

Миллати, тили ва динидан қатъи назар, инсон қадр-қиммати ва шаънини улуғлаш, ҳар бир фуқаро ҳақида эътибор ва ғамхўрлик, меҳр-мурувват, саховат ва олижаноблик биз қураётган Янги Ўзбекистон жамиятининг ҳаёт қоидаси бўлиб қолади.

Барчангизни ана шундай олижаноб ишларда фаол иштирок этишга даъват этаман.

Чуқур ҳурмат-эҳтиром билан,

Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг