Президент болалар боғчалари ва мактабларга кузатув камералари ўрнатиш бўйича топшириқ берди
Шавкат Мирзиёев Жиззах шаҳридаги 2-ички ишлар бўлинмасини бориб кўрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Замонавий бўлинма биносида милиция ходимлари учун барча шароит яратилган. Шаҳардаги ҳамма участка нозирлари уй-жой, енгил автомашина билан таъминланган.
— Ҳуқуқ-тартибот идоралари одамларнинг осойишталигини, жиноят бўлмаслигини кафолатлаши керак. Бунинг учун юриш, ҳар бир ҳолатдан хабардор бўлиш зарур. Милиция маҳалла билан бирга ишласа, жиноятчилик бўлмайди, — деди Президент.
Шаҳар ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган инновацион тизимлар, милиция ходимлари ўртасидаги мобил алоқа дастури билан танишди.
Жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, йўл-транспорт тизимини тартибга солиш, бу борада Жиззахда ҳам Тошкент шаҳри тажрибасини жорий этиш бўйича кўрсатмалар берилди. Профилактика инспекторларини ахборот технологияларига ўқитиш, бу бўйича илмий-амалий қўлланма яратиш зарурлиги қайд этилди.
Давлат раҳбари мазкур бўлинмада «Заргарлик» маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва профилактика инспектори билан суҳбатлашди. Жамоат жойларига, биринчи навбатда, болалар боғчалари ва мактабларга кузатув камералари ўрнатиш бўйича топшириқ берди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter