«Ўзбекшоличилик» уюшмаси ва шоличилик кластерлари ташкил этилади
«Ҳуқуқий ахборот» канали томонидан хабар қилинишича, «Шоличиликни барқарор ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Ҳукумат қарори (986-сон, 12.12.2019 й.) қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, 2020 йил ҳосилидан бошлаб шоличилик кластерлари ташкил этилади.
Бунда, кластерлар биринчи навбатда, иқтисодий жиҳатдан барқарор, зарур инфратузилма объектлари, мол-мулк ва бошқа воситаларга эга бўлган маҳаллий инвесторлар томонидан ташкил этилади.
Кластерлар шоли етиштириш ёки уни шартнома асосида сотиб олиш, саралаш, сақлаш, қайта ишлаш, тайёр маҳсулотни ички ва ташқи бозорга етказиб беришни таъминлайди. Шоличилик кластерларига белгиланган тартибда 30 йилдан 50 йилгача муддатга ер ажратилади.
Кластерларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга Президентнинг 2019 йил 17 июндаги Фармонида, 22 августдаги ва 4 апрелдаги қарорларида назарда тутилган имтиёзлар татбиқ этилади.
Қарор билан «Ўзбекшоличилик» уюшмаси ташкил этилди ва уюшманинг асосий вазифалари белгиланди.
Жумладан, уюшма республикада шоли етиштириш ҳажмини кўпайтириш чораларини кўради, маҳсулотни сотиш бозорини кенгайтириш мақсадида маркетинг тадқиқотлари олиб боради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter