Ўзбекистонга Европа Иттифоқи раҳбарияти ташриф буюради

Европа кенгаши ва Европа комиссияси раҳбарлари Ўзбекистонга илк бор биргаликда ташриф буюради.
Жорий йил 3-4 апрель кунлари Европа кенгаши раҳбари Антониу Кошта ва Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен Ўзбекистонга ташриф буюради. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Тошкентдаги делегацияси матбуот хизмати хабар берди.
Шу кунлари мамлакатимизда президент Шавкат Мирзиёев мезбонлигида Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги илк саммити бўлиб ўтади. Олий даражадаги машваратда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон етакчилари ҳам қатнашади.
Мазкур саммит ЕИ учун Марказий Осиё билан ҳамкорликни чуқурлаштириш ва кенгайтириш борасидаги геосиёсий манфаатларини намойиш этиш учун муҳим имконият деб баҳоланмоқда. Геосиёсий вазият ўзгариб бораётган ҳозирги шароитда, хусусан, Россиянинг Украинага қарши агрессияси ва Афғонистондаги ўзгаришлар шароитида икки минтақа ўртасидаги муносабатлар стратегик жиҳатдан янада муҳим аҳамият касб этмоқда.
“Биз тартибсизлик ва бўлиниш кучайган дунёда яшаяпмиз. Европа Иттифоқи учун ягона тўғри йўл – мустаҳкам ҳамкорликлар ўрнатиш орқали тинчлик ва фаровонликни таъминлашдир. Кўп қутбли дунё шароитида янада фаол ва йўналтирилган ҳамкорлик зарур. Биринчи Европа Иттифоқи – Марказий Осиё саммити халқаро ҳуқуқни тўлиқ ҳурмат қилган ҳолда, тинчлик, хавфсизлик ва барқарор ривожланиш йўлида ҳамкорликни мустаҳкамлашга бўлган қатъий ниятимизни тасдиқлайди”, – дейди Европа кенгаши раҳбари Антониу Кошта.
Саммит давомида ЕИ транспорт, рақамли ўзаро боғлиқлик, стратегик хомашё, иқтисодиёт, хавфсизлик, энергетика каби ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликни янада кенгайтириш мажбуриятини тасдиқлаши кутилмоқда.
Сўнгги йилларда икки минтақа ўртасида юқори даражадаги муносабатлар фаоллашди.
2022 йил 27 октябрь куни Қозоғистоннинг Остона шаҳрида Марказий Осиё – Европа Иттифоқи етакчилари учрашуви якунида хавфсизлик, демократик қадриятлар, қонун устуворлиги ва халқаро ҳуқуқ меъёрларига ҳурмат кўрсатган ҳолда барқарор тараққиёт йўлида ҳамкорликка содиқлик изҳор этилди.
2023 йил 2 июнь куни Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи етакчилари иккинчи бор Қирғизистонда учрашиб, кенг қамровли масалаларни муҳокама қилдилар.
Ўтган давр мобайнида вазирлик даражасидаги бир қатор муҳокамалар ҳам ўтказилди. Масалан, 2023 йил 23 октябрь куни Люксембургда 19-вазирлар йиғилишида ўзаро алоқаларни чуқурлаштириш бўйича қўшма йўл харитаси белгиланди.
Минтақалараро мулоқотни мустаҳкамлашга қаратилган аниқ ҳаракат йўналишларини ўз ичига олган йўл харитасига саммит ўтказиш режаси ҳам киритилган.
Европа Иттифоқи – Марказий Осиё ўртасидаги 20-вазирлар учрашуви 2025 йил 4 март куни Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтади. У ушбу саммитга тайёргарлик муҳокамасига бағишланади.
2019 йилда ЕИ Марказий Осиё бўйича янги стратегияни қабул қилди. Бу стратегия минтақанинг Брюссель манфаатлари учун ортиб бораётган стратегик аҳамиятини таъкидлайди ҳамда йиллар давомида минтақавий ҳамкорликда эришилган ижобий ютуқларга асосланади. Янгиланган стратегия Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорликни янада ривожлантиришни мақсад қилган. Бу эса минтақанинг барқарор, фаровон ва бир-бири билан янада яқин иқтисодий ва сиёсий маконга айланишига хизмат қилади.
Таҳлилларга кўра, ЕИ минтақанинг иккинчи йирик савдо ҳамкори бўлиб, энг йирик инвесторга ҳам айланган. Марказий Осиёга киритилган инвестицияларнинг 40 фоиздан ортиғи ЕИ ҳиссасига тўғри келади. Икки томонлама алоқаларни янада чуқурлаштириш учун ЕИ Марказий Осиё мамлакатлари билан кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик битимлари бўйича музокаралар олиб борди. Ҳозирга келиб, бу битимлар борасида Туркманистондан ташқари тўрт давлат билан келишувга эришилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter