Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари раҳбарлари нималарни муҳокама қилишди?

Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари раҳбарлари нималарни муҳокама қилишди?

Жорий йилнинг 22 июнь куни Москва шаҳрида Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари раҳбарлари даражасидаги Қўшма комиссиянинг 2-йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Россия Федерацияси ҳукумати раиси Михаил Мишустин раислигида ўтган йиғилишда Ўзбекистон — Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларига юқори баҳо берилган.

«Ушбу барча фаол алоқалар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Россия Федерациясига бўлажак давлат ташрифининг кун тартиби мазмунини бойитишга хизмат қилмоқда», дейилади хабарда.

Ҳукумат раҳбарларининг маълум қилишича, Ўзбекистон ва Россия ўртасида иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда.

Пандемияга қарамай, йил бошидан ўзаро савдо суръатларининг ўсиши таъминланган. Жорий йилнинг ўтган даврида товар айланмаси ҳажми 15 фоизга ошди.

Икки мамлакат президентлари томонидан ҳукумат раҳбарлари зиммасига яқин даврда товар айланмасини 10 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилган. Икки томонлама савдо ҳажмининг барқарор ўсиши таъминланса, ушбу натижага эришиш мумкин.

Йиғилишда транспорт, таълим, тиббиёт, ташқи меҳнат миграцияси, маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни изчил ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинган.

Йиғилиш якунлари юзасидан ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган 10 дан ортиқ ҳужжатлар имзоланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг