Ўзбекистон Қирғизистон билан қанча ер алмашгани маълум қилинди
Қирғизистоннинг Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев чегарани делимитация қилиш бўйича келишув тафсилотлари ҳақида гапирди.
Жогорку Кенешнинг Халқаро ишлар, мудофаа, хавфсизлик ва миграция қўмитасининг бугун, 10 октябрь куни бўлиб ўтган йиғилишида у имзоланган келишув натижаларига кўра Ўзбекистон 4485 гектар, Қирғизистон эса 19699 гектар ер олганини маълум қилди.
Унинг Қирғизистонга ўтган ҳудудларни санаб ўтган. Шу билан бирга, Кампиробод сув омбори остидаги 4485 гектар майдон расман Ўзбекистонга ўтганини қайд этди.
Сув ҳажмининг горизонтал сатҳи 908 метрдан 900 метрга туширилгач, 1246 гектар майдон озод бўлади, улар Қирғизистонга ўтган.
«Авваллари Кампиробод тўғонидан фақат Ўзбекистон фуқаролари фойдаланиши мумкин эди. Энди қўшма бошқарув бўлади: Қирғизистон ва Ўзбекистондан тўрт киши. 70 йил давомида сувдан фойдаланиш бўйича қарорни Ўзбекистон мустақил қабул қилган. Энди Қирғизистон фуқаролари сувдан бепул фойдаланиш имкониятига эга бўлади: сувни ишлатиш, чорва молларини суғориш, ҳатто балиқ овлаш ва насос билан сув чиқариш имкониятига эга бўлади. Ўзбекистон муҳандислик иншоотларини ўрната олмайди», деди Ташиев.
«Биз бундан ютдик деб айта олмайман, лекин бир метрни ҳам шунчаки бермадик, аксинча, мунозарали бўлган майдонларни олдик. Яхши, унумдор ерлар. Ҳатто олтин ҳам бор. Ўзбекистон бир вақтлар олтита лицензия берган. Шунга қарамай, биз бу ерларни олдик», — деди хавфсизлик қўмитаси раҳбари.
Шартнома ратификация қилинганидан кейин Қирғизистон харитаси 15 806 гектарга кенгайиши қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон-Қирғизистон чегараси бўйича янги баённома имзолангани хабар қилинганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter