Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатлари янги босқичга кўтарилди

Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатлари янги босқичга кўтарилди

Фото: Президентнинг Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 28 декабрь куни Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Суҳбат аввалида давлат раҳбарлари кириб келаётган Янги йил муносабати билан бир-бирини самимий қутлаб, эзгу тилаклар билдирдилар.

Президентлар ўзаро ҳамкорлик, минтақавий ва халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Сўнгги йилда Ўзбекистон – Қирғизистон муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиб, аниқ амалий мазмун билан бойигани қайд этилди.

Ҳамкорлик барча йўналишларда фаоллашди. Мамлакатларимиз Бош вазирлари раислигида жорий йил март ва декабрь ойларида Фарғона ва Ўш шаҳарларида Ўзбекистон билан Қирғизистон чегарадош ҳудудлари раҳбарлари кенгашининг мажлислари ўтказилди. Май ойида Парламентлараро ҳамкорлик бўйича комиссиянинг биринчи учрашуви бўлиб ўтди.

Ўзаро савдо ҳажми ортиб, электротехника, қурилиш материаллари саноати ва бошқа соҳаларда қўшма кооперация лойиҳалари амалга оширилди.

Андижон – Ўш – Иркиштом – Қашғар халқаро автотранспорт йўлаги ишлаб турибди, Ўзбекистон – Қирғизистон –Хитой темир йўл линиясини қуриш лойиҳаси биргаликда тайёрланмоқда.

Тошкент ва Самарқандда Қирғизистон маданияти ва санъати кунлари муваффақиятли ўтказилди. Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини нишонлаш доирасида мамлакатимиз ҳудудларида тантанали тадбирлар ташкил этилмоқда.

Ўш шаҳрида барпо этилган Алишер Навоий номидаги мактаб жорий йил кузда илк ўқувчиларни ўз бағрига олгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Суҳбат якунида давлат раҳбарлари мамлакатларимиз ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, кўп қиррали икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш борасида интилишлари қатъий эканини таъкидладилар.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг